Андижонда эҳтиёжманд оилаларни «даромадли қилиш» учун тарқатилган товуқлар тухум қилмаяпти, янги шароитга мослаша олмай, нобуд бўляпти. «Даромадли бўлиш»ни умид қилган аҳоли эса, аксинча, қарзга ботмоқда. Маълумотларга кўра, тез кунларда вилоятда лойиҳанинг иккинчи босқичи бошланиб, аҳолига яна 200 минг дона товуқ тарқатилиши режалаштирилган.

Бироқ вилоятнинг турли ҳудудларидан тўхтовсиз келаётган мурожаатлар одамларнинг товуқ боқиб, муаммолар ичида қолиб кетганини кўрсатмоқда. Мурожаатчилар сафига товуқ боқишга масъул бўлган кооперативчилар ҳам қўшилган. Кооператив эгалари товуқлар умуман боқишга яроқсиз эканлигини билдириб, якунда аҳоли кредитни тўлай олмаслиги аниқ эканлигини таъкидлашяпти.

Kun.uz самара бермаётган лойиҳа ечими юзасидан суриштирув ўтказиб, товуқ боқаётган мурожаатчилар, товуқ тарқатиб маҳсулот олувчи кооператив масъуллари билан суҳбатлашди.

«Зарардамиз. Жониворларни уволидан қўрқиб боқяпмиз»

Кооперативчилар бизни ўз ҳудудларидаги парранда боқишни орзу қилиб, муаммо ичида қолган хонадонларга олиб киришди. Олтинкўл тумани Ижтимоят маҳалласида яшовчи Муҳаммадносир Шаропов 200 дона товуқ олган. Шундан 40 донаси ўлган. 50 донасини кооперативга қайтариб бериб, ҳозирда 100 дона товуқ боқмоқда.

«Эчкимни сотиб жой қилдим. Лекин ҳеч фойда йўқ, фақат зарар. «Товуқлар учун жойни ерга эмас, тепага қилинг», дейишди. Қилдим. Барибир касалланиб ўляпти. Уларга кунига 47 минг сўмлик ем оламан, 25 минг сўмлик тухум қиляпти. Афсуски, тирикчиликнинг пулини ҳам шу товуқларга едиряпмиз.

Дўкончилар тухумнинг донасини кичиклиги учун оғриниб, зўрға 600 сўмга оляпти. Битта тухумнинг таннархи эса менга 2 500 сўмга тушяпти. Товуқлар жуда нозик экан, зўр шароит қилсак ҳам касалланиб, ўлиб қоляпти. Бозорда шу товуқларни 20 минг сўмга ҳам олмаяпти. Бошимиз қотган», дейди у.