Қайд этилишича, нархларнинг ошишига Саудия ҳукумати томонидан ҳаж сафари нархига таъсир қилувчи қўшимча солиқ ва мажбурий тўловлар жорий қилингани, коммунал, транспорт, электр-энергия ва бошқа хизматлар учун тўловлар миқдори бир неча баравар (30-40 фоиз) ошгани сабаб бўлган.
Ҳаж амалларини ташкил этувчи муассасаларнинг хизматларига 2022 йилда янги мажбурий тўловлар жорий этилган. Шу боис дунё мамлакатлари учун ҳаж хизматлари нархи ўртача 40-45 фоизга кўтарилган.
Шунингдек, Саудия Арабистони томони билан олиб борилган музокаралардан сўнг жорий йил Ўзбекистон фуқаролари учун умумий ҳаж квотаси 10 865 нафар этиб белгиланди. 2019 йилда бу кўрсаткич 7 200 нафарни ташкил этган эди.
Саудия ҳукумати томонидан бу йилги ҳаж ибодатини адо этиш учун хорижий ва маҳаллий фуқароларга қуйидаги талаблар эълон қилинган:
- Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазирлиги томонидан қўйилган қатъий карантин талабига кўра, “Ҳаж-2022” мавсумида иштирок этиш ёш чегараси 65 ёшгача этиб белгиланди. Ушбу ёш чегарасига 1957 йил 30 июнь кунигача туғилган инсонлар киради;
- Бўлажак ҳожилар Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги талабига кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тасдиқланган Pfizer/BioNTech (АҚШ-Хитой), Oxford-AstraZeneca (Буюк Британия-Швеция), Moderna (АҚШ) ва Johnson & Johnson (АҚШ) вакциналарининг тўлиқ дозасини қабул қилган бўлишлари шарт;
- Барча зиёратчилар Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги талабига кўра, менингитга қарши 4 валентли вакцинани қабул қилган бўлиши зарур;
- Барча фуқаролар Саудия Арабистонига киришдан 72 соат олдин коронавирус диагностикаси ҳақида салбий натижали ПЗР маълумотномани тақдим этишлари лозим.
Шунингдек, ўзбекистонлик зиёратчилар шу йилнинг 18-30 июнь кунлари Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Наманган-Мадина, Самарқанд-Мадина, Қарши-Мадина, Урганч-Мадина, Нукус-Мадина йўналишлари бўйича ҳаж сафарига кузатилади ҳамда худди шу йўналишлар бўйича 14-31 июль кунлари қайтиб келади.







