Ўзбекистон | 12:00 / 07.06.2022
9252
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда тарқоқ склероз бўйича туркий давлатларнинг IV халқаро конгресси иш бошлади

6 июн куни Самарқанд Давлат Тиббиёт Университетидa тарқоқ склероз бўйича туркий давлатларнинг IV халқаро конгресси ўз ишини бошлади. Анжуман ишида Туркия, Шимолий Кипр, Россия Федерацияси, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон ва мамлакатимизнинг олий тиббий ўқув юртлари ҳамда етакчи илмий-амалий марказларининг мутахассислари иштирок этмоқда.

Тарқоқ склероз касаллигининг долзарб муаммоларига бағишланган анжуман дастлаб 2019 йилда Туркиянинг Гулхане университети медицина факультетида туркий давлатларнинг вакиллари иштирокида ўтказилган эди. Мазкур тадбирда конгрессни ҳар йили Ғарбий ва Ўрта Осиё давлатларининг бирида ўтказишга келишиб олинган. Конгрессни ўтказишдан асосий мақсад тарқоқ склероз касаллигининг диагностикаси, даволаш ва реабилитацияси борасида эришилган ютуқлар, инновацион ёндашувлар, мазкур касалликка тегишли тиббиётда мавжуд муаммоли ҳолатлар ва уларни ечиш йўлларини муҳокама қилиш, илғор технологияларни қўллаш, халқаро миқёсда невролог-олимлар мулоқотини ўрнатиш ва ривожлантиришдан иборат.

Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов, Самарқанд давлат тиббиёт университети Жасур Ризаев, Тиббиёт билимлари университети (Истанбул, Туркия) ректори Erdöl Cevdet, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ректори Ботир Даминов, мазкур институт профессори, Евро-Осиё Фанлар Академияси мухбир-аъзоси Ёқутхон Мажидова, Туркиянинг бир қатор етакчи невролог-олимлари, шу жумладан профессор Demirkaya Şeref, профессор Gülhane Eğitim Araştırma Hastanesi, профессор Efendi Hüsnü ва доцент Feyzioğlu Aynur сўзга чиқиб, мазкур халқаро конференцияни тарқоқ склероз ва бошқа неврологик касалликларни даволашни такомиллаштиришда, бу борада халқаро алоқалар ва олимларнинг ўзаро мулоқоти муҳимлигини эътироф этишди.

Анжуман иши сессиялар йиғилишларида давом этди. Муҳокамаларда етакчи невропатолог, нейрореабилитолог, нейропсихолог, нейрореаниматолог, рентген-радиолог олимлар, соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари, терапевтлар, аллергологлар, акушер-гинекологлар, гастроэнтерологлар ва бошқа тор соҳа мутахассислари иштирок этмоқда.

Конгрессда тарқоқ склероз бўйича замон талабларига жавоб берадиган нейрореабилитация тадбирлари ва неврологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш, ихтисослаштирилган ёрдам турларини кенгайтириш, турли диагностик усуллардан фойдаланиш, тиббий хизматлар сифатини яхшилаш каби кенг қамровли масалалар муҳокама этилмоқда. Бундан ташқари, ирсий мойилликка эга бўлган тарқоқ склероз касаллигининг муаммолари бўйича икки томонлама давра суҳбатлари, мунозаралар, оммавий ахборот воситалари учун брифинглар ўтказиш режалаштирилган.

Тарқоқ склероз бўйича туркий давлатларнинг IV халқаро конгресси 10 июнгача давом этади. Якуний сессия Тошкент шаҳрида ўтказилади.

Самарқанд давлат тиббиёт университети матбуот хизмати Ⓣ

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид