13:00 / 05.10.2022
6576

Самарқандда «Урологиянинг долзарб масалалари: назария ва амалиёт бирлиги» Халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди

Фото: СамДТУ

2022 йил 3-4 октябр кунлари Самарқанд давлат тиббиёт университетида «Урологиянинг долзарб масалалари: назария ва амалиёт бирлиги» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Халқаро анжуманда Туркия, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Беларус, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон тиббиёт олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот институтлари ва тиббиёт марказлари ходимлари иштирок этдилар.

Халқаро конференциянинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Иноятов Амрилло, Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Жасур Ризаев, Ўзбекистон Республикаси Урологлар илмий жамияти раиси Фарҳод Акилов, Курск давлат тиббиёт университети ректори Лазаренко Виктор (Россия) ва бошқалар иштирокчиларга табрик сўзлари билан мурожаат этиб, ушбу анжуманнинг олийгоҳлар ўртасидаги ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорликни кенгайтиришдаги аҳамиятини таъкидлаб ўтдилар ва форум ишига муваффақият тиладилар.

Халқаро конференциянинг асосий қисми 7 та ялпи мажлисда давом эттирилиб, унда иштирокчилар «Эндоурология: уролитиаз ва простата безининг хавфсиз гиперплазиясини даволашдаги инновациялар», «Лапароскопик урология: Ўзбекистон урологларининг ютуқлари ва хорижий тажриба» йўналишлари бўйича ва «Урологияда медикаментоз терапия», «Онкоурология», «Болалар урологияси» мавзуларида маърузалар тингладилар, шунингдек, «Ёш урологлар» ҳамда ёш олимлар танлови бўлиб ўтди. Конференция давомида 80 дан зиёд уролог-амалиётчи ва ёш олимларнинг маърузалари тингланди. Конференция материаллари «Биомедицина ва амалиёт» халқаро журналининг махсус сонида чоп этилди.

Самарқанд давлат тиббиёт университетида ўтказилган «Урологиянинг долзарб масалалари: назария ва амалиёт бирлиги» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция урология фанини ривожлантиришга, янги билимларни кундалик амалиётга татбиқ этишга, иқтидорли ёш олимларни илмий-тадқиқот ишларига жалб этишга ҳамда тиббиёт олий ўқув юртлари ва олий ўқув юртидан кейинги таълим муассасаларида урология фанини ўқитиш сифатини янада оширишга, республикада соғлиқни сақлаш соҳасини янада такомиллаштириш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

СамДТУ матбуот хизмати Ⓣ

Top