Aнжуманда Ўзбекистон, Германия, Исроил, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Малайзия, AҚШ, Тожикистон, Туркия, Россия ва бошқа хорижий давлатлардан етакчи ташкилотлардан эксперт ва олимлар халқ табобати соҳасига оид 50 дан ортиқ маърузалари билан иштирок этишди. Халқаро анжуман ва унинг доирасида ўтказилган маҳорат дарсларида мингдан зиёд замонавий ва анъанавий тиббиёт соҳалари мутахассислари, биологлар, кимёгарлар ҳамда фармацевтлар онлайн ва офлайн форматда иштирок этди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Жасур Ризаев, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев, “Ибн Сино жамоат фонди” бошқаруви раиси Нозимхон Махмудов, Ўзбекистон Табобат Академияси раиси проф. Иброхим Асқаров (Uzbekistan), Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ҳамид Найирободий, “Gano Excel” халқаро корпорацияси президенти Леоу Сун Сенг (Малайзия), “Ибн Сино Академияси” президенти проф. Саййид Зиллур Рехман (Ҳиндистон), Халқаро Авиценна жамғармаси президенти проф. Михаэль Сач (Исроил), МДҲ иқтисодий ривожланиш бизнес маркази бош директори Вадим Ганин, (Россия), “Сhina-Uzbekistan medicine technical park” бош директори, кимё фанлари доктори С.Б.Абдубакиев (Хитой) қутлов сўзлари билан анжуманни очиб конференция ишига муваффақиятлар тилашди.



Анжуманнинг расмий очилиш маросимидан сўнг Самарқанд давлат тиббиёт университети ва “Ибн Сино” жамоат фонди, Daegu Haany университети (Корея), Европа тиббиёт ассоциацияси (Германия), шунингдек, “Ибн Сино” жамоат фонди ва Исроил доривор ўсимликлар уюшмаси, Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти, Қозоғистон анъанавий ва халқ табобати тиббиёт мутахассислари миллий ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Халқаро конференция иши 4 шуъбада давом этди ва “Таълим ва халқ табобати”, “Фан ва халқ табобати”, “Aнъаналар ва халқ табобати”, “Доривор ўтлар ва халқ табобати” каби йўналишларда долзарб масалалар муҳокама қилинди.
















