АҚШ конгресси Ўзбекистон мустақиллиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлашга қаратилган резолюцияни маъқулламоқчи
Вашингтонда АҚШ конгрессидаги «Ўзбекистон бўйича кокус»нинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
8 июнь куни Вашингтон шаҳрида АҚШ конгрессидаги «Ўзбекистон бўйича кокус»нинг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё».
Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси томонидан маълум қилинишича, тадбирда Сенат раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги мамлакат делегацияси, конгресс аъзолари, Оқ уй, Давлат департаменти, Пентагон, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), нуфузли конгрессмен ва сенаторлар маъмурияти вакиллари, нодавлат ташкилотлар, халқаро институтлар, АҚШ етакчи таҳлил марказлари ходимлари иштирок этди.
Кокус ҳамраиси, конгрессмен Трент Келлининг сўзларига кўра, ушбу дўстлик гуруҳи ташкил этилган 2018 йилдан буён ҳар икки давлат қонунчилари ўзаро ташрифлари сезиларли даражада фаоллашгани кузатилмоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистонга 35 дан ортиқ конгрессмен ва стафферлар ташриф буюрган, бу эса, унинг фикрига кўра, Капитолий тепалигида Ўзбекистонга нисбатан доимий ва икки партиявий қўллаб-қувватлаш мавжудлигидан далолат беради.
Конгресс вакили таъкидлашича, «Ўзбекистон бўйича кокус» ўз фаолиятини бошлаганида 4 нафар конгрессмен унга аъзо бўлган бўлса, қисқа вақт ичида кокус кенгайиб, аъзо конгрессменлар сони 17 нафарга етди.
Ўз навбатида, кокус кенгаши ҳамраиси, демократ конгрессмен Висенте Гонсалес Ўзбекистон АҚШ конгресси кун тартибида муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Ўзбекистон мустақиллиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлашга ва Ўзбекистон - Америка ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган АҚШ конгресси резолюцияси 21 нафар конгрессмен томонидан қўллаб-қувватланди. «Биз тез орада АҚШ конгресси спикери Нэнси Пелоси ушбу резолюцияни маъқуллаши учун яна 4 та овоз олишни кутмоқдамиз», - деди у.
Конгрессмен В.Гонсалес мамлакатга нисбатан «Жексон-Вэник» тузатишининг қўлланилишини тўхтатишга қаратилган махсус «HRes-1913» номли қонун лойиҳасини илгари суриш ниятида эканини маълум қилди. Ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон - АҚШ савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Тадбир якунида дўстлик гуруҳи ҳамраислари - конгрессменлар В.Гонсалес ва Т.Келли томонидан имзоланган «Ўзбекистон бўйича комиссия иккинчи мажлиси баённомаси» қабул қилинди ва унда аъзо конгрессменлар яна бир бор мамлакат билан кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштириш стратегик аҳамиятга эга экани, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга интилишини маълум қилди.
АҚШ конгресси ҳузуридаги «Ўзбекистон бўйича кокус» 2018 йилда президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил топган. Ўрнатилган амалиётга кўра, кокус икки марта йилда бир маротаба йиғилиб, АҚШ - Ўзбекистон ҳамкорлигини янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилади. Ушбу гуруҳ аъзолари, бошқа конгрессменлар, АҚШ расмий ва ишбилармон доиралари вакиллари биринчи учрашуви 2019 йил февраль ойида бўлиб ўтган.
Мавзуга оид
23:20 / 13.11.2024
Полшада АҚШнинг ракетага қарши мудофаа базаси очилди
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
22:14 / 13.11.2024
Трамп лавозим тақсимламоқда: Пентагон журналистга, Маскка янги департамент
15:44 / 13.11.2024