Россия-Украина уруши бошланганидан кейинги даврдаги ўта ноаниқ вазият сабаб рубл курси март ойи бошларига келиб кескин даражада қадрсизланиб кетди. Бунга хорижий инвесторларнинг Россиядаги активларини сотиши ва тушган маблағларни долларга алмаштиришга уриниши, маҳаллий аҳоли томонидан инфляциядан ҳимояланиш мақсадида чет эл валютасини харид қилишга бўлган талабнинг ортиши, санкциялар ва захираларнинг салмоқли қисми музлатилгани туфайли Россия Марказий банкининг хорижий валюта таклифини ошириб, курсни барқарорлаштира олмагани каби бир қатор омиллар таъсир ўтказди.
Аммо маълум муддат ўтганидан кейин Россия миллий валютаси мустаҳкамлана бошлади. 10 июн ҳолатига кўра, 1 доллар – 58,3 рублни, 1 евро эса 62 рублни ташкил этмоқда. Таққослаш учун, ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан олдинги кун, 23 февралда 1 доллар – 80,4 рубл, 1 евро – 90 рубл бўлган. Бугунги кунда рубл курси Россия иқтисодиётининг ҳолатини ўлчашда фойдаланиладиган энг асосий инструментлардан бири ҳисобланади. Шу нуқтайи назардан, Ғарбнинг даҳшатли санкциялари ўз самарасини бермадими?

Рубл нега мустаҳкамланди?
Биринчидан, уруш бошланганидан бир неча кун ўтиб, Россия Марказий банки фавқулодда равишда асосий фоиз ставкасини 9,5 фоиздан 20 фоизга (ҳозирда Россия МБ асосий ставкаси 9,5 фоизни ташкил қилади) оширди. Бу эса россияликларга ўз пулларини банкларда сақлашга рағбат яратди ва рублдаги депозитларни жозибали қилди. Экспортёрлар учун валюта тушумларининг 80 фоизини мамлакат резидентларига мажбурий сотиш тартиби белгиланди. Хориждаги банклар ва молия ташкилотларида очилган ҳисобрақам ва омонатларга чет эл валютасини ўтказиш тақиқланди. Кредит шартномаси бўйича норезидентларга хориж валютасини ўтказиш ҳам бекор қилинди.
Бундан ташқари, Россия банклари мижозларига ҳисобрақамлардан нақд валюта беришни чеклаб қўйди. Нақд пул ечиб олишда 10 минг долларлик чегара белгиланди.
Умуман олганда, ҳукумат амалда капиталнинг турли банк воситалари орқали хорижга олиб чиқиб кетилиши устидан назорат ўрнатди ва «касалланган» валютанинг қайта тикланиши учун мавжуд бўлган барча ишни амалга оширди.















