Чапдан ҚК Бош штаби бошлиғи генерал-майор Шуҳрат Холмуҳаммедов ва АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Майкл Курилла / Фото: Kun.uz

«Ўзбекистон минтақада етакчи, Ўзбекистоннинг хавфсизлиги эса минтақа хавфсизлигидир. Бу мен учун «бошқаларни тинглаш»га асосланган ташрифнинг бир қисмидир, бу Марказқўм масъул бўлган ҳудудлардаги мамлакатларга ташрифдир. Мен ҳар бир мамлакат раҳбариятидан улар дуч келаётган таҳдидлар, муносабатлардаги бўшлиқлар ва энг муҳими, шерикчилигимизни мустаҳкамлаш учун истиқболдаги имкониятлар ҳақида эшитишни истайман. Бу сафар якунида мен ўзимнинг 90 кунлик ҳисоботимни АҚШ раҳбариятига топшираман.

…Мен ўз кузатувларимда АҚШдаги бош қароргоҳимизда турган ҳолда эмас, балки шахсан ва юзма-юз учрашувдаги суҳбатларимизга асосланаман», – дейди АҚШ расмийси.

Генерал Курилла, шунингдек ташриф давомида унга Ўзбекистон Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи генерал-майор Шуҳрат Холмуҳаммедов ҳамроҳлик қилгани ва у билан кўплаб муҳим масалаларни муҳокама қилганини таъкидлаган.

Мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Майкл Куриллани кутиб олмоқда / Фото: Kun.uz

«Муҳокамалар чоғида биз ҳарбийларимиз 20 йил давомида тўплаган жанговар тажрибалардан олган сабоқлар билан бўлишиш имкониятини изладик. Бу сабоқлар қаторида жанговар тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳам бор. Сўнгги 20 йилдаги жанглар давомида қуролли кучларимиз технология, ҳарбий техника ва илғор тажрибалар тўплаш борасида кўп нарсаларни ўрганишди. Энди биз ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан ўша олган тажрибамизни ўртоқлашамиз. Шунингдек, биз ўзбекистонлик ҳарбийлар америкалик ҳарбийлар учун қимматли бўладиган жанговар тайёргарлик, техника ва қоидаларни ҳам ўрганиб олишга умид қиламиз».

АҚШ Марказқўм раҳбари Ўзбекистон раҳбариятини Яқин Шарқдан ўз ватандошларини қайтариш бўйича қилган саъй-ҳаракатларини олқишлашини айтган.

Шунингдек, Майкл Курилла учрашувларда махсус амалиётлар бўйича икки давлат ҳарбийлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўллари муҳокама қилинганини таъкидлаган.