Ўзбекистон делегацияси Халқаро меҳнат конференциясининг 110-сессиясида иштирок этди
2022 йилнинг 7-11 июнь кунлари Олий Мажлис Сенати Раиси T.Норбоева, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Ҳусанов, Ўзбекистон Иш берувчилар конфедерацияси раиси И.Ҳайдаров, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раисининг ўринбосари Б.Маҳмадалиевдан иборат Ўзбекистон делегацияси аъзолари Халқаро меҳнат конференциясининг 110-сессиясида иштирок этдилар.
Тадбирда ХМТга аъзо 177 давлатдан ҳукуматлар, иш берувчилар ва ишчилар ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Халқаро меҳнат конференцияси доирасида меҳнат ва бандлик соҳасидаги жаҳон тенденциялари, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш бўйича стратегик мақсадлар муҳокама қилинди, ижтимоий ҳимояни яхшилаш ва меҳнатни муносиб рағбатлантириш бўйича тавсиялар кўриб чиқилди.
Халқаро меҳнат конференцияси ялпи мажлисида Ўзбекистон вакиллари ўз маърузалари билан қатнашиб, аҳоли бандлигини ошириш, муносиб иш ўринлари яратиш ва ишчилар ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бўйича мамлакатимиз тажрибаси билан таништирди.
Хусусан, вазир Нозим Ҳусанов ўз нутқида давлатимиз раҳбари сиёсий иродаси ва қўллаб-қувватлаши ҳамда ислоҳотларнинг самарали амалга оширилиши натижасида мамлакатимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилганини алоҳида таъкидлади. Вазирнинг сўзларига кўра, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳам фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, у Ўзбекистон меҳнат бозорини ривожлантириш ва муносиб меҳнат тамойилларини жорий этиш соҳасида ушбу ислоҳотларни амалга оширишда Ўзбекистонга кўмак кўрсатган.
Шунингдек, вазир Н.Ҳусанов бутун жаҳон ҳамжамиятига халқаро меҳнат стандартларини жорий этиш, ишсизларни касбга ўқитишни ташкил этиш, хавфсиз ва қонуний меҳнат миграциясини рағбатлантириш бўйича Ўзбекистон тажрибасини тақдим этди. Шу жумладан, инклюзив меҳнат бозорини шакллантириш, муносиб меҳнатни таъминлаш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий мулоқотни такомиллаштириш, бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш каби соҳаларда Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келгуси режалар эълон қилинди.
Ўзбекистон делегацияси Халқаро меҳнат ташкилотининг амалдаги Бош директори Гай Райдер ва янги сайланган Бош директори Жильбер Унгбо билан учрашувлар ўтказди.
Гай Райдер билан учрашувда Ўзбекистонда мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам бериш соҳасида эришилган ютуқлар натижалари муҳокама қилинди. Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори мамлакатимиз раҳбари бошчилигида меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар самарадорлигини юқори баҳолади ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти муносиб бандлик ва ижтимоий ҳимоя тамойилларини илгари суриш бўйича ҳукумат ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, ўтказилган учрашувлар якунида 2021-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастурини амалга ошириш, меҳнат соҳаси экспертлари малакасини ошириш, шунингдек, “Меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат гигиенаси ҳамда ишлаб чиқариш муҳити тўғрисида”ги 155 сонли ва “Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари тўғрисида”ги 161 сонли конвенцияларини ратификация қилишда ХМТнинг техник кўмагини жалб қилиш бўйича келшувларга эришилди.
Ўз навбатида, навбатдаги учрашувларда Халқаро меҳнат ташкилотининг янги сайланган Бош директори Ж.Унгбо Ўзбекистонни эришилган мисли кўрилмаган муваффақият билан табриклади ва дунёнинг ҳар бир давлати учун Ўзбекистонни намунали давлат сифатидаги мавқейини мустаҳкамлаш йўлида ҳамкорликни давом эттиришга умид билдирди.