Ҳозирги замонда деярли ҳар бир киши интенсив ритмда яшайди. Ҳар куни биз оиладаги, ишдаги ва шахсий ишлардаги масалаларни ҳал қилишга мажбур бўламиз. Баъзи вазиятларда автомобилсиз ҳамма ишга улгуришни тасаввур ҳам қила олмаймиз. Шу муносабат билан, биз мамлакатимиз йўлларида темир от эгаларининг сони тез ўсаётганини кузатишимиз мумкин. Ҳозирги 2022 йилда машина сотиб олиш жуда оддий иш бўлиб туюлади, шунчаки маълум миқдорда пул тўплаб, автосалонга келиш ва машина сотиб олиш кифоя. Бироқ замонавий бозорнинг ҳақиқатлари бу жараённи нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунёда мушкуллаштирмоқда. Бугун биз обуначилар билан биргаликда яримўтказгич инқирози автомобиллар танқислигини қандай ҳосил қилгани ва экспертлар яқин йиллар учун қандай прогнозларни бераётгани масалаларини кўриб чиқамиз.

Яримўтказгич инқирозининг автомобиль саноатига таъсири

Яримўтказгичлар инқирози ҳақида деярли ҳар биримиз тобора кўп эшитмоқдамиз, инқироз натижасида бутун дунё бўйлаб автомобиль танқислиги бошланди, маиший техника нархлари ошди ва ҳатто баъзи мобил телефонлар чекланган миқдорда ишлаб чиқарилмоқда.  

Яримўтказгичлар нима?  

Information Technology журналига кўра, яримўтказгич – бу кристалли материал. Электр энергияни металл каби яхши ўтказмаса-да, лекин кўп изоляторларга нисбатан ўтказувчанлиги кучлироқ. Бу материал чиплар, процессорлар ва бошқа электрон бошқарув элементларини ишлаб чиқаришда асосий хомашё саналади.

Яримўтказгичларни ишлаб чиқариш – 9 босқичда бажариладиган мураккаб технологик жараён.

Нима учун яримўтказгичлар етарли эмас?

СOVID-19 коронавируси пандемияси пайтида техника ва автомобиль ишлаб чиқарувчилар оғир вазиятга тушиб қолишди: улар изоляция пайтида истеъмолчилар янги нарсаларни харид қилиш эмас, биринчи навбатда соғлиғига эътибор қаратишади, деган фикрда бўлган. Бундан ташқари, глобал чекловлар туфайли заводлар аввалгидек ишлай олмади ва ишлаб чиқариш сонини сезиларли даражада қисқартирди. Шу муносабат билан, автомобиль гигантларининг аксарияти яримўтказгичларни етказиб беришдан воз кечишди ва шу сабабли буюртма ҳажмлари тушиб кетди. Электроника ишлаб чиқарувчилари билан ҳам худди шундай воқеа юз берди. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда дунёда фақат бир нечта мамлакатлар яримўтказгичларни саноат миқёсида ишлаб чиқармоқда, бу: Хитой, Тайван ва АҚШ. Тарих тақозоси билан юқори технологик ишлаб чиқариш жараёни Хитой ва Тайванга кўчирилди, бунинг сабаби, энг мақбул қулай экологик қонунлар ва арзон ишлаб чиқариш нархлари эди. АҚШ мамлакатнинг ички манфаатлари ҳимояси нуқтаи назаридан заводни тарк этди.