«Хайрлашишни ёқтирмайман. Лекин бу жараён чин дилдан бўлиши керак деб ҳисоблайман. Агар шошилмай турсанглар, ҳаммасини айтаман, Чемпионлар лигаси финали, ундан олдинроқ эса футболдаги энг ёқимтой йигит ҳақида ҳикоя қилмоқчиман. Албатта, Н’Голо Кантени назарда тутяпман.

«Челси»га келишимдан олдин у ҳақида жуда кўп эшитганман. Ҳар доим кулиб туришини айтишган. Ҳалиям Mini Cooper’да юриши ҳақида эшитганман. Айтишларича, у ҳеч қачон овозини кўтариб гапирмас экан. Аммо биламиз-ку, футболда бундай бўлишнинг иложи йўқ, тўғрими? Ҳаддан ташқари босим, мағлубиятлар домида хотиржамликни сақлаб қолишнинг иложи йўқ. Кейин эса, Н’Голони учратдим.

Унга ҳаммаси ярашади. Ҳатто ўша одамлар куладиган Mini Cooper’нинг ҳам ўз тарихи бор. Канте учун Премьер лигага қайтиш катта орзу бўлган, Mini эса, у Англияга келганда сотиб олган илк автомобил ҳисобланади. Демак бу шунчаки машина эмас, чуқур маънога эга.

Йигитлар доим унинг устидан ҳазил қилишади, кулишади, лекин ишонаверинг, бу одам шу қадар мулойимки, доим сиз эшитишни истаган сўзларни айтади, хафа қилмайди.

Кимдир унга «Н’Голо, биласанми энг зўр машина қайси? Мersedes, бро. Сен қора Mersedes ҳайдаб юришинг керак», деса, «Ҳа, ок, ўйлаб кўраман, ростдан ҳам зўр маслаҳат», деган жавобни эшитади.

Аммо у шунчаки, сиз билан ўйин қилади. Алалоқибат, сиз яна ўн йил парковкада ўша таниш Mini’ни кўрасиз. Мен доим одамларга айтаман: камтар инсон бор, ўта камтар бор ва Канте бор.

Албатта, бу ерда ютган совринларимнинг ўрни катта, аммо «Челси»ни ўзига хос қилиб турган асосий жиҳат – дўстлик. Биз шунчаки, жамоадошлар бўлмаганмиз. Канте, Кова, Зиёш, Лукаку – биз худди ака-укалар кабимиз. Ростини айтсам, футболда доим ҳам шундай бўлавермайди. Мазмунан ҳаммасини акс эттирувчи ягона саҳна ҳақида сўрашса, Чемпионлар лигаси финалидан кейинги ювиниш хонасидаги ҳолатимни айтган бўлардим. Бу ҳақида кейинроқ.

Табиийки, ўша мавсум мен учун ғаройиб кечганди. Ўша финалдан бир неча ой олдин мени асосий таркибдан четлатишганди, десам ишонасизми? Сабабини ўзим ҳам билмайман. Бир куни мураббий менга таркиб катта экани ва бошқа футболчиларни танлаганини айтди. Шундан сўнг кўп миш-мишлар тарқади, ижтимоий тармоқларда мени ҳақорат қилишди. Бу фаолиятимдаги энг оғир дамлар бўлса-да, сукут сақлашни лозим топдим, зеро клубда муаммолар пайдо бўлишини хоҳламасдим.

Тасаввур қилинг, ўша пайтларда менга, бир неча ой ўтиб «Сити»га қарши ЕЧЛ финалида асосий таркибда бўласан, дейишганда қандай аҳволга тушардим? Аммо агар оч бўлсанг, имконсиз нарсанинг ўзи йўқ.