«Чемпионат» колумнисти Дмитрий Бажанов ҳафтанинг асосий ўйинидаги 5 та муҳим омилни кўриб чиқди.

«ПСЖ»дан учралган мағлубиятга қарамай, «Барселона» ҳамон қўрқинчли рақиб бўлиб қолмоқда. Ла Лигада бу каби томошабоп ўйин кўрсатадиган бошқа жамоа йўқ. Чемпионлар лигасида ҳам барчаси назорат остида. Каталонияликлар «ПСЖ» билан ўйингача дастлабки икки турда «Фейеноорд» ва «Галатасарой» дарвозасига жами тўққиз гол уришганди.

Бу вақтда эса Моуринио ҳали «Реал» ўз ўйинини қуриб олгани йўқ. Жамоа ЕЧЛда ҳозирча йўқотишсиз кетаётган бўлса-да, «Рома»га қарши ўйинда қийин аҳволга тушиб қолганди ва фақат сўнгги дақиқалардаги камбэк эвазига мағлубиятни ғалабага айлантирганди. Ла лигада эса аллақачон «Бетис» ва «Атлетико»дан мағлуб бўлди. Севилядаги ўйинда мадридликлар мағлубиятдан қутулиб қолиши ҳам мумкин эди (Карлос Эспининг суперголи бекор қилинди, Килиан Мбаппе пеналтини уролмади), дербида эса рақибга шунчаки кучи етмади. Антонио Рюдигернинг ўйин охиридаги голи амалда ҳеч нарсани ўзгартирмади.

Энди эса олдинда класико. Агар «Барселона» ғалаба қозонса, «Реал» билан орадаги фарқни тўққиз очкога етказади ва бу жуда кўп. Агар «Реал» ғалабани ўзиники қилса, унда чемпионлик пойгасидаги интрига юзага келади. Шу билан бирга, класико арафасида турнир жадвалида ушбу икки жамоа ўртасида жойлашган «Атлетико» фойдасига хизмат қиладиган дуранг ҳам қайд этилиши мумкин.

Мавсум стартида «Барселона» «Реал»дан кучлироқдек таассурот қолдирмоқда. Қолаверса, бу мавсумдаги дастлабки класикога «Камп Ноу» мезбонлик қилади. Бу ўйинга Ҳанс-Дитер Флик шогирдлари фаворит сифатида бормоқда. Мадридликлар бу ўйинда йирик ҳисобда ютқазишини тахмин қилаётганлар ҳам кам эмас.

Аммо «Реал» фойдасига бўлган бир неча омиллар бор. Бу автоматик равишда «Реал» ютади дегани эмас, ўйинда исталган нарса рўй бериши мумкин. Шунга қарамай, Жозе Моуринио жамоасини яққол аутсайдер сифатида кўриш ва унинг йирик ҳисобдаги мағлубиятини кутиш – камида қисқа ўйлаш ҳисобланади.

Тажриба

«Реал» фойдасига хизмат қиладиган биринчи омил – Жозенинг ўзи. Бу унинг Мадрид клубига қайтгандан кейинги илк класикоси бўлади ва у бундай ўйинларга ташналигига шубҳа йўқ. Моуринионинг тактик услублари эскириб қолгани ва у трендлардан ортда қолгани ҳақида истаганча гапириш мумкин. Бу маълум даражада тўғри фикр. Аммо у ҳамон жамоани алоҳида катта ўйинга тайёрлашни билади. У доим буни яхши уддалаган ва ҳозир ҳам буни эсдан чиқармагани аниқ.