Англия: Кэррик боши узра қора булутлар

«Лидс» – «Манчестер Юнайтед» 1:1
Голлар: Мбеумо, 35 (0:1). Калверт-Люин, 51 (1:1)
«Лидс»: Траффорд, Элведи, Муҳаремович, Жастин, Ампаду, Танака (Лонгстафф, 81), Гудмундссон, Богл, Штаҳ, Окафор (Нмеча, 74), Калверт-Люин
«Манчестер Юнайтед»: Ламменс, Магуайр, Мартинес (Мазравий, 46), Далот, Йоро, Сантос, Балеба (Маунт, 74), Тилеманс (Куня, 84), Бруну Фернандеш, Диалло, Мбеумо
Огоҳлантиришлар: Гудмундссон, 19. Ампаду, 90 – Бруну Фернандеш, 17. Сантос, 90

Майкл Кэррик Даниэл Фарке билан бўлиб ўтган олти дуэлдан фақат биттасида ғалаба қозонганди, у ҳам бўлса – Лига кубогида. У «Мидлсбро» бошқарувида чемпионшипда «Лидс»га қарши ўтказган тўрт ўйинда ҳам германиялик мутахассиснинг қўли баланд келганди, ўтган мавсумнинг иккинчи даврасида эса йоркширликлар «Олд Траффорд»дан ғалаба билан қайтганди (2:1).

Мураббийларнинг бу сафарги тўқнашуви эса кўпчилик Кэррикнинг истеъфосини талаб қилаётган даврга тўғри келди. Ўйиннинг дастлабки қисми анча зерикарли кечди – 25 дақиқа ичида дарвоза томон биргина зарба йўлланди. Бу оралиқдаги энг ёдда қоларли эпизод эса 19-дақиқада Гудмундссоннинг бутсасининг остки қисми билан Сантоснинг оёғига зарба бергани бўлди. Бундай фол учун қизил бериш ҳам мумкин эди, аммо ҳакам мезбонлар футболчисини кечирди ва сариқ карточка билан кифояланди.

Бўлимнинг иккинчи қисмида вазиятлар юзага кела бошлади. Мбеумо бир неча имкониятларга эга бўлди ва фақат учинчи уринишда ўз мақсадига эришди ва Юри Тилеманснинг қанотдан узатмасини голга айлантирди. Бу камерунлик футболчи учун жорий мавсумдаги тўртинчи голга айланди.

Аммо шу куни Кэррик Фаркега қарши ўйинлардаги нохуш анъанасини барибир йўққа чиқара олмади. Иккинчи бўлим бошида мезбонлар ҳужумкорликни оширишди ва бу Калверт-Люин ҳисобни тенглаштириши билан якунланди. Инглиз ҳужумчиси стандарт вазият чоғида Муҳаремович орқали келган тўпни дарвозага киритиб юборди – 1:1.

«Юнайтед» қаторасига учинчи ўйинда дуранг ўйнади ва ҳамон турнир жадвалининг иккинчи қисмида ва пешқадамлар гуруҳидан кўра хавфли зонадагиларга яқинроқ. Ташқарида октябр, «қизил иблислар» эса мавсум стартидаги етти ўйинда атиги бир ғалабага эришган. Бунақа ёмон старт жамоа тарихида ҳали бўлмаганди. Майкл Кэррикнинг истеъфоси ҳақидаги чақириқлар янада баландроқ янграй бошлади.