Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Боғдод туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган.
Маълум бўлишича, фуқаро А.А. отаси А. ва қариндоши Х.нинг номига якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиб, амалда ўзи норасмий раҳбарликни амалга оширган.
Маҳкама маълумотига кўра, у имзоларини сохталаштириш орқали “Боғдод дон маҳсулотлари” АЖдан тўғридан тўғри тузилган шартномаларга асосан давлат ресурслари ҳисобидан ажратилган умумий баҳоси 420,6 млн сўмлик 151,4 тонна ун маҳсулотини жорий йил февраль-апрель ойлари учун дислокацияда белгиланган 19 та маҳаллаларга арзонлаштирилган нархларда етказиб бермасдан, Марғилон шаҳри ҳудудида бошқа шахсларга қиммат нархларда сотиб юборгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодекси 192-11-моддаси (Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Департамент томонидан эълон қилинган хабарда ёзилишича, ҳозирги вақтда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.










