Самарқандда ўсмирлар машинани ЙПХ ходими устига ҳайдади

Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида ЙПХ ходимининг қонуний талабига бўйсунмай, уни ҳақорат қилган ва буни видеога олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатган техникум ўқувчилари аниқланди.

Видеода ўсмирлар Иштихон тумани кўчаларида автомобилда ҳаракатланиб, ЙПХ ходимининг тўхташ талабига бўйсунмагани, машинани унинг устига ҳайдагани, шунингдек, ходимни ҳақоратлагани ва воқеа жойидан қочиб кетганини кўриш мумкин.

Текширув давомида қоидабузарликларни содир этган ўсмирлар Каттақўрғон туманидаги 2-сон техникум ўқувчилари экани аниқланган. Улар машинани 1,2 млн сўмга ижарага олган ва ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ҳолда рулга ўтирган. Ҳолат юзасидан Иштихон тумани ички ишлар бўлими томонидан тўпланган материаллар қонуний қарор қабул қилиш учун прокуратура органларига юборилган.

Ҳаво шари Тошкентнинг айрим ҳудудларини электрсиз қолдирди

19 октябрь куни Тошкентнинг Юнусобод, Олмазор, Мирзо Улуғбек ва Шайхонтоҳур туманларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида вақтинчалик узилиш кузатилди. Бунга «Aksa Toshkent» иссиқлик электр станциясининг очиқ тақсимлаш қурилмасига ҳавода учиб келган шар тушиши сабаб бўлган.

Энергетика вазирлиги хабарига кўра, ҳодиса соат 19:05 да Қибрай туманида жойлашган «Aksa Toshkent» ИЭСда содир бўлган. Оқибатда трансформаторнинг ҳимоя тизими ишга тушиб, станция қуввати 460 МВтдан 185 МВтгача камайган.

Кўрилган тезкор чоралар натижасида соат 19:38 га келиб барча истеъмолчилар электр энергияси билан қайта таъминланган.

Навоий ва Чирчиқ шаҳарлари аҳолисидан йиллик декларация сўралади

Навоий ва Чирчиқ шаҳарлари аҳолиси тажриба-синов тариқасида жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этишининг тартиби белгиланди.

Қарорга кўра, декларация 2026 ва 2027 йилда олинган даромадлар бўйича Солиқ қўмитасининг Электрон солиқ хизматлари портали (my3.soliq.uz) ва “Soliq” мобил иловаси орқали тақдим этилади.