
Тузатиш энди Россияда 18 ёшдан армия сафида шартнома асосида хизмат қилиш имконини беради. Яъни ўғил болалар ўрта мактабни битирибоқ аввалига армияга шартнома асосида қабул қилиниши, кўп ўтмай ҳатто уруш майдонларига юборилиши мумкин.
Таққослаш учун, ҳозир бунинг учун аввал техникумни битириш керак, у ердан эса 1-2 йил ичида бирор касбни эгаллаб чиқишади. Май ойида армия сафига шартнома асосида қабул қилиш бўйича ёш чегараси юқоридан ҳам бекор қилинганди. Яъни катта ёшли россияликларга ҳам армия сафига шартнома асосида қабул қилиниш имкони берилганди.
«Ҳарбий хизматдаги жанговар мажбуриятлар» тўғрисидаги федерал қонуннинг 34-моддасига киритилажак ўзгариш Давлат думаси тасдиғидан кейин кучга киради.
Россия армиясида 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган эркаклар шартнома асосида хизмат қилиши мумкинлиги белгиланганди. Хорижий фуқаролар эса 30 ёшдан бошлаб. Россия президенти олдинроқ имзолаган қонунга кўра, энди 50 ёшгача бўлган эркаклар ҳам шартнома асосида хизмат қилиши мумкин.
Янги тартиб эса армия сафига қўшилиш бўйича мутахассисликка оид қўйилган талабларни бекор қилади. Ҳозирда Россия армиясига, шунингдек, ФВВ ҳамда Ташқи разведка хизматига ўрта махсус билим юртларини тамомлаганлар қабул қилинади. ФСБга эса олийгоҳ битирувчиларигина ишга олинади. Янги тартиб уруш ҳолатидаги Россияда ушбу ҳолатлар бўйича талабларни енгиллаштиради.
Россия армияси урушда қанча аскар йўқотгани ҳақида маълумот бермай қўйган. Россия қурбонлар ҳақида охирги марта март ойида хабар берган ва ўшанда 1351 нафар ҳарбий ҳалок бўлгани айтилганди. Ундан кейин уч ой ўтди ва тинимсиз қурбон берилаётгани сабаб Россия армиясига қўшимча кучлар керак бўлмоқда. BBC очиқ маълумотларнинг ўзи орқали 4 мингдан ортиқ рус ҳарбийси ҳалок бўлганини аниқлаган, Украина томони Россиянинг қурбонлари 32 мингдан ортиқ эканини айтади.
Армияни тўлдириш учун янги манба
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, чақирув олган мактаб битирувчилари ичидан 5 фоизигина қабул қилинади. Қолганлар эса тартиб бўйича «отсрочка» олади. Янги қонун лойиҳаси уларни шартнома асосида ишга қабул қилиш имконини беради.
Қонун лойиҳасининг биринчи ўқилишида таълим бўйича талаблар камайтирилгани ҳақида ҳеч қандай гап йўқ эди. Бундай бандни Давлат думасининг Мудофаа қўмитаси раиси Андрей Картаполов киритган. Тузатиш «Россия армиясини кадрлар билан таъминлаш базасини кенгайтириш»га йўналтирилган. Тузатиш билан Россиядаги 11-синф битирувчилари ҳеч қачон армияда хизмат қилмаган ҳолда Россия қуролли кучлари сафига шартнома асосида қабул қилиниш имконига эга бўлади.


















