Аммо бу ерда гап шунчаки эски маҳсулотни истеъмол қилиб қўйишда эмас. Гап деҳқонлар томонидан маҳсулотни етиштириш давомида унга селитра ёки заҳарли препаратларнинг ҳаддан ташқари кўп солинаётганида.

Бугун бозорда бирор полиз маҳсулоти йўқки, у минерал ўғит ва препаратларга тўйинмаган бўлса. Соҳа жуда хавфли даражада назоратсиз ишламоқда.

Бахтиёр Абдуғофур – ФА Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти катта илмий ходими, биология фанлари номзоди.

У мамлакат қишлоқ хўжалигида ҳаддан ташқари кўп қўлланаётган кимёвий воситалар хавфли касалликлар кўрсаткичини ошираётгани ва миллий генофонддан хавотирда.

«Бу биринчидан, биологик хавфсизлик масаласи. Бу миллатнинг генофонди масаласи.

Мен тарвуз олиб егим келади. Ҳа, фарзандларим сўрагани учун уларга олиб бераман. Лекин ҳар сафар қўлимга тарвузни ушларканман, бомбани тутгандек бўламан. Чунки тарвуз, қовун, пиёз, картошка ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг қандай етиштирилишини яхши биламан. Оддий иссиқхоналардаги помидор, бодрингни қандай етиштиришларини биламан. Одамда саратон касаллигини ривожлантирадиган дориларни қўллаб маҳсулот етиштиришларини биламан.

Исталган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини олинг, ҳаммасининг заҳари бор. Биз еяётган нарсаларнинг ҳаммаси секин таъсир этувчи бомба», – дейди олим.

Бугун дунёнинг ривожланган давлатларида биологик тоза маҳсулотлар етиштиришга ўтилаётган бир пайтда Ўзбекистон деҳқончилиги ҳамон кимёвий ўғитларга суянганича қолмоқда.

Деҳқонлар кўпроқ минерал ўғит берсам маҳсулотнинг ўсиши тезлашади, тезроқ ҳосил оламан, деб ўйлайди.

Бу ҳолатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош токсикологи Абдуҳаким Саримсоқов шундай изоҳлайди:

«Бугун деҳқон ўзининг маҳсулотига нимани, қачон ва неча дозада қўшаётганини билмайди. Чунки у деҳқон-да. Илгари «райселхозхимия» номли ташкилот бўларди. Улар ўсимликларга ишлов берарди ва бу ишловлар рўйхатдан ўтказиларди. Бугун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига берилаётган ишловларнинг ҳеч бири рўйхатдан ўтмаган.

Энг қизиғи, деҳқоннинг олдига бориб, етиштираётган ўсимлигига нима дори ишлатганини сўрадик. «Анави сариқ доридан ярим стаканни бир челак сувга қўшиб ишлатдим», – деяпти.