Ўзбекистон Бош прокуратураси Нукус шаҳрида бўлиб ўтган оммавий тартибсизликлардаги воқеалар ривожи, қурбонлар ва жабрланувчилар ҳақида маълумот берди.
1 июл
Бош прокуратурага кўра, Конституцияни ўзгартириш бўйича қонун лойиҳаси юзасидан муҳокама давом этаётганига ва фуқароларнинг бу жараёнда ўз фикрини билдириш учун шароитлар яратилганига қарамай, айрим ғараз ниятли шахслар конституциявий ислоҳотларга норозилик баҳонасида тажовузкорлик ва зўравонлик йўлини танлаб, вазиятни издан чиқармоқчи бўлган.
Терговда аниқланишича, 1 июл куни соат 14:50 ларда “Ел хызметинде” газетаси муҳаррири ва блогер Даулетмурат Тажимуратов Теlеgram'даги “Маkаn.uz” канали орқали видеомурожаат йўллаб, фуқароларни 5 июл куни соат 17:00 да “Қорақалпоғистон Республикасининг озодлигини сўраб” Жўқорғи Кенгес биноси олдида митинг ўтказишга даъват қилган.
Шундан кейин Д.Тажимуратов ижтимоий тармоқлар орқали қонунга хилоф равишда митинг уюштиришга фуқароларни даъват қилгани учун 1 июл куни соат 15:30 ларда Нукус шаҳар ИИО ФМБга олиб келинган ва ушланган.
Блогер Д.Тажимуратовнинг ИИБ ходимлари томонидан ушлаганини билган бир гуруҳ шахслар тартибсизликлар уюштириб, уни озод қилишни талаб қилиб, Нукус шаҳридаги ИИВга қарашли 2-сонли тергов ҳибсхонасига ва Нукус шаҳар ИИО ФМБга боришган, кейинчалик 1 июл куни соат 17:30 ларда Нукус шаҳри марказидаги Марказий деҳқон бозори олдидаги автомобил йўлида тартибсизликлар уюштиришган.
Шундан кейин Д.Тажимуратов Нукус шаҳар ИИО ва ФМБдан озод қилиниб, чиқариб юборилган бўлса-да, Д.Тажимуратов ва унинг тарафдорлари тартибсизликларни яна давом эттириб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларига фаол қаршилик кўрсатиб, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга ва ҳокимиятни босиб олишга очиқдан очиқ даъват қилишган.
2 июл
Бош прокуратурага кўра, 2 июл куни соат 14:45 да Нукус туманидан тахминан 300 нафар шахс Нукус шаҳри томон ҳаракатланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, Нукус шаҳридаги блокпостда хизмат олиб бораётган 50 нафар Миллий гвардия ходимининг махсус воситаларини (рация, дубинка, каска, шовқинли граната, щит) қўлга киритган.
Шу куни Хўжайли туманидаги ҳарбий постга номаълум шахслар томонидан ҳужум уюштирилиб, қурол-яроғ тортиб олинган, Нукус халқаро аэропортига, Нукус шаҳридаги маъмурий қамоққа олинган шахслар сақланувчи Реабилитация марказига, Нукус шаҳар ИИБ биносига ҳужумлар уюштирилган.











