Нукус шаҳрида бўлиб турган Kun.uz мухбири хабар беришича, намойишга чиққанлар кўчаларда автомобилларга ҳужум қилишган, ижтимоий соҳа объектларига ҳам зиён етказишган.
Умуман, бундай норозиликлар ўз-ўзидан вужудга келмайди. Қандай давлатда юз бермасин, бундай норозилик намойишлари воқеаларнинг кейинчалик пухта таҳлил қилиниши асносида улар деструктив кучлар томонидан четдан туриб бошқарилиши, унга пухта тайёргарлик кўрилиши — аллақачон ўз исботини топиб бўлган.
Қорақалпоғистондаги воқеалар ҳам жума куни, жума намози ўқилгач, журналист Давлетмурат Тажимуратовнинг оломон олдида чиқиш қилгани, унинг чиқиши мессенжерлар орқали тарқатилганидан сўнг авж олгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Қорақалпоғистондаги воқеаларни хаспўшлаш ҳам осонгина: халқ гўёки ўз озодлиги учун курашмоқда. Лекин Қорақалпоғистонда 2 миллионга яқин инсон истиқомат қилади. Уларнинг барчаси бу намойишларда илгари сурилган талабларни олқишлармикан?
Қорақалпоғистонликларга, айниқса, қорақалпоқ халқига хориждан туриб Ўзбекистондан ажралиб, мустақил давлат бўлишни тарғиб қилиб турувчи, айирмачиликка доир ташвиқот ишларини анчадан буён олиб бораётган гуруҳлар борлиги ҳақиқат. Улар кеча ё бугун пайдо бўлган эмас. Улар Ўзбекистондаги тинчлик ва осойишталикни кўролмайдиган, бу ерда турли фитналар чиқариб, вазиятни ҳал этишда ўзининг «беминнат ёрдам қўли»ни чўзишга тайёр бўлган, ёинки дунё ҳамжамияти олдида Ўзбекистоннинг юзини шувут қилишга уринувчи айрим давлатларнинг ноғорасига ўйнаши ҳам ҳақиқат.
Ҳолбуки, қарийб бир асрдирки, бирор ўзбек қорақалпоқнинг миллатини писанда қилган эмас, тилини ерга урган эмас, унга паст назар билан боққани йўқ, ёки бошидан ё елкасидан туртмаган. Бир нонни бўлишиб, яхши-ёмон кунларни биргаликда кечириб келяпмиз.
Адолат юзасидан тан олиш керак, Ўзбекистон таркибида қорақалпоқ тили, маданияти ва қадриятлари эркин ривожланиб келмоқда. Бу борада бирор тўсиқ қўйилгани йўқ. Қайтага уларни юксалтириш, бутун Ўзбекистонники бўлиши, шундай ҳис қилиниши учун тинимсиз тарғиб қилинади.
Лекин бу эзгу ишларни назар-писанд қилмайдиганлар албатта бор ва улар пайт пойлаб ўз қабиҳ ниятларини амалга ошириш, эт ва тирноққа айланиб кетган икки халқни ажратиш пайида бўлиб келишади.
Ўзингиз мушоҳада қилинг: Нукус кўчаларидан тарқалган суратларда оломон орасида бир-биридан тенг узоқликда турли масофаларда жойлашган қизил либосдаги провокаторларни кўриш мумкин. Улар одамларни бошқариш, ёшларни давлат кучишлатар тизими ходимларига қарши қайраш, вазиятни жунбишга келтириш учун аввалдан тайёрланган эмасмикин?
Албатта, бундай вазиятда мобил интернет алоқаси узиб қўйилишини табиий ҳол сифатида қабул қилиш керак. Чунки тўғри ахборот узатишдан ҳам кўра, ҳар нарсага ишонувчи содда халқ ўртасида уларни саросимага солувчи, жунбишга келтирувчи нотўғри ахборот ва фейк хабарлар тарқатилиши кўпаяди. Вазият давлат кучишлатар тизимлари томонидан назоратга олиниши учун, ахборот хавфсизлиги мақсадида шундай йўл тутилади. Буни тўғри тушуниш керак.



















