Нукус шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда.

Сўнгги йилларда ҳудуд учун катта маблағ, имтиёз ва шароитлар яратилгани қайд этилди. Фойда, ер ва мол-мулк солиқлари 2 карра, саноат учун электр тарифи 15 фоизга пасайтирилди, ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланган.

Ўтган йили Қорақалпоғистонга 1 млрд 700 млн доллар инвестиция киритилган. Бу 2021 йилдагидан 22 карра кўп.

Бу йил Қорақалпоғистон иқтисодиёти энг тез ўсаётган ҳудудлардан бирига айланган. Жорий йилнинг биринчи ярмида иқтисодиёт 10,2 фоиз ўсиб, ҳудуд Тошкент шаҳридан кейинги иккинчи ўринни эгаллаган.

photo_2026-09-19_10-19-09

Сўнгги йилларда Қорақалпоғистонда 860 мегаваттли янги энергетика қувватлари ишга туширилди. Беруний ва Қораўзакда шамол станцияларининг қурилиши ҳисобига “яшил” энергия улуши 23 фоизга етган. Электр ишлаб чиқариш 4 карра ошиб, 5 млрд 330 млн киловатт-соатни ташкил этган. Бу аҳоли ва корхоналарнинг йиллик талабидан қарийб 3 баробар кўплиги таъкидланди.

Кеча 7 млрд долларлик 47 та янги лойиҳа қурилишига старт берилди. Жумладан, Қўнғиротда 2 млрд 600 млн долларлик, қуввати 1,5 минг мегаваттли шамол станциясини қуриш бошланди. Лойиҳа доирасида 1,5 минг километр юқори кучланишли тармоқ ва 500 киловолтли 3 та подстанция барпо этилади.

2030 йилгача жами қуввати 3 минг 300 мегаваттли шамол станциялари ишга туширилиб, “яшил” энергия улуши 76 фоизга етказилади, 400 мегаваттли энергия сақлаш қуввати яратилади.

Қад этилишича, Қорақалпоғистон “яшил” энергия ишлаб чиқариш бўйича минтақанинг энг йирик марказларидан бирига айланади.