Ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб фуқаролик авиацияси катта қадамлар билан ривожлана бошлади. 80-йилларда товушдан тез учувчи пассажир самолётлари пайдо бўлди. Аммо техника, тежамкорлик ва хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар уларнинг фаолиятига нуқта қўйди. Юқори тезликдаги парвоз ҳақидаги орзулар сўнаётган бир пайтда Американинг Boom Technology компанияси товушдан тез учувчи пассажир самолётларини қайта тиклаш лойиҳасини тақдим қилди. Хўш, товушдан тез парвоз – фантастик орзу тоифасидан чиқиб, яқин келажакдаги воқеликка айланадими? 

Boom Overture товушдан тез учувчи самолёти концепти (boomsupersonic.com) 

Товушдан юқори тезлик нима? 

Ҳар қандай товуш ер юзасида 270-400 метр/секунд ёки 980-1470 километр/соат тезликда тарқалади. Аэродинамикада тезлик кўрсаткичи австриялик физик олим Эрнст Мах (Ernst Mach) шарафига М ҳарфи билан белгиланган. Товушнинг тезлиги баландликка қараб ўзгарувчан бўлади. 1 Мах ер юзасига яқин жойда 340 м/секундга ёки 1224 км/соатга тенг бўлади. 

Ҳозирги вақтда дунёда товушдан юқори (>1 Мах) тезликда учадиган пассажир самолётлари йўқ. Аммо ҳар доим ҳам шундай бўлмаган. 

Товушдан тез учадиган авиация 

1950-йиллардан товушдан тез учадиган авиация жадал ривожлана бошлади. Конструкторлар самолёт барқарорлиги ва бошқарилиши, аэродинамик самарадорлик билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишди. Парвоз тезлигининг ошиши билан бирга унинг баландлиги 20 километрга етди. 1960-йиллардан бошлаб, товушдан тез учадиган самолётлар оммавий ишлаб чиқарилди. 

Фан ютуқлари биринчи навбатда ҳарбий соҳага жорий қилинди. Советларнинг МиГ-17 (1949, тезлик M=1) қирувчи самолёти, Американинг North American F-100 Super Sabre (тезлик М=1,3) қирувчи самолёти, Convair B-58 Hustler (1956, тезлик М=2) бомбардимончиси, узоқ парвоз учун мўлжалланган Lockheed A-12 (1962, тезлик М=3) разведка самолёти шулар жумласидан эди. 

Товушдан тез учувчи пассажир самолётлари 

Аммо фуқаролик авиациясида бундай бўлмади – кўплаб техник ва иқтисодий муаммолар туфайли товушдан тез учувчи самолётлар оммалашмади. Тарихда улардан атиги 2 та бўлган: советларнинг Ту-144 самолёти ва Англия-Франция ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган Concorde самолёти.