Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 23-24 февраль кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, Мўйноқни комплекс ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, ҳудуддаги бугунги ўзгаришлар, аҳолининг турмуш тарзи ва кайфиятини рангтасвир асарлари орқали талқин қилиш мақсадида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти раҳбарияти томонидан институтнинг 17 нафар ижодкор талабалари устозлар ҳамроҳлигида Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманига ижодий сафарга юборилди.

Сафар давомида талаба-ёшлар Мўйноқ туманининг бугунги куни, табиати, инсонлари, Орол фожиаси ва асоратлари, туманда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари акс этган 100 дан ортиқ рангтасвир ва графика асарлари яратишди.

Жорий йилнинг 1 июль куни Тошкент фотосуратлар уйида талаба-ёшларнинг Мўйноқ сафари давомида яратилган ижодий асарлари ҳамда жараён фотоларини ўзида акс эттирган “Мўйноқ рассомлар нигоҳида: кеча ва бугун” деб номланган кўргазманинг очилиш маросими ҳамда мазкур ижодий сафарга бағишланган ижодий каталогнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирни институт ректори Аббосжон Мирзораҳимов очиб бериб, тадбир иштирокчиларига шундай деди: “Юртбошимиз Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган тадбирда сўзлаган нутқларида “Бағрикенг, танти, қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтаётган қорақалпоқ халқини эъзозлашини» таъкидладилар. Шунингдек, “Меҳр ва ғурур билан айтаман, мен нафақат Ўзбекистон, Қорақалпоғистоннинг ҳам фарзандиман”, деб таъкидлаганлар. Биз ҳам институт раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари ва талабалари ўзимизни нафақат Ўзбек, балки Қорақалпоқ фарзанди сифатида “Мўйноқ рассомлар нигоҳида: кеча ва бугун” лойиҳасини ўтказишга қўл урдик.

Ушбу лойиҳа доирасида Мўйноққа талабаларни юбориш, ёш ижодкорлар томонидан қизғин кутиб олинди. Ижодий сафар қисқа муддатга амалга оширилган бўлса-да, талабалар жуда катта таассурот билан қайтишди.