Сув тўплайдиган бассейни ва узунлиги бўйича Италиядаги энг катта По дарёси қуришда давом этмоқда. Сув танқислиги деҳқонларнинг ҳосилини нобуд қиляпти. Бир неча ой олдин сероб дарё яшил қирғоқлар бўйлаб оқар эди, ҳозир эса бу жойлар чўлга ўхшаб қолган.
Италия шимолидаги ҳозирги қурғоқчилик сўнгги 70 йилдаги энг ёмони деб айтиляпти. Бу баҳор ва ёзда ёмғирнинг камлиги, қишда қорнинг йўқлиги ва ёзда ҳароратнинг нисбатан юқори экани билан боғлиқ.
Италияликлар учун бу иқлим ўзгаришининг хавотирли оқибатлари ҳақида яна бир эслатма бўлди – яқинда Доломит музлигининг қулаб тушиши оқибатида 11 киши ҳалок бўлган эди.
Июль ойи бошида Италия шимолидаги бешта ҳудудда қурғоқчилик туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинган эди. Ўнлаб муниципалитетда сув истеъмоли бўйича чекловлар киритилди.
По водийси деҳқонларининг айтишича, дарё баъзи жойларда қуриб қолган, баъзи жойларига эса оқимга шўр денгиз суви аралашиб, экинларга зарар етказмоқда.

Адриатика денгизи яқинидаги фермалардан бирининг хўжайини Жанпаоло Басси ердан қуриган бутани суғуриб олади, унинг илдизларида ерёнғоқ бўлиши керак эди. 32 ёшли фермер ҳосилнинг пастлигини денгиз суви билан боғлаяпти.
«Тузли сув экинларни ўлдиради, улар туз концентрациясига дош беролмайдилар», дейди Жанпаоло. Унинг ҳисоб-китобига кўра, бу йил ҳосилининг чорак қисмини йўқотиши мумкин.
По дарёси шимолий Италия бўйлаб жануби-ғарбий Алп тоғларидан Адриатика денгизигача 650 км масофага чўзилган. Кўпгина маҳаллий аҳолининг ҳаёти унинг атрофида айланади. Италия қишлоқ хўжалигининг деярли учдан бир қисми у билан боғлиқ.
По дарёсининг баъзи жойларида сув сатҳи шу қадар пастки, ҳатто Иккинчи жаҳон уруши давридаги баржанинг қолдиқлари кўриниб қолган.
«Одатда шўр денгиз суви дарё ўзанидан бир неча километр ичкарига киради. Аммо ҳозирги маълумотлар 30 км ичкарида ҳам шўр сув борлигини кўрсатмоқда», дейди Феррара университети қирғоқ динамикаси профессори Паоло Киавола.
Профессорнинг тушунтиришича, одатда чучук сув оқими шўр сувни денгизга ҳайдайди, аммо ҳозирда дарё чекинмоқда.


















