Шавкат Мирзиёев бу натижа Жоржа Мелонининг сиёсий иродаси ва қатъияти, давлатчилик масъулиятини чуқур ҳис этишига Италия халқи томонидан билдирилган юксак ишончнинг яққол тасдиғи эканини таъкидлади.

Ҳозирги ўта мураккаб ва тез ўзгараётган шароитда Италиянинг миллий манфаатларини қатъий ҳимоя қилиш, мамлакатнинг Европа Иттифоқи ва халқаро майдондаги обрў-еътибори ҳамда нуфузини янада мустаҳкамлаш борасида Жоржа Мелони олиб бораётган саъй-ҳаракатлар алоҳида эътироф этилди.

Ўзбекистон етакчиси Италия ҳукумати раҳбарининг Ўзбекистонга нисбатан дўстона муносабати ва икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни изчил кенгайтиришга қаратаётган доимий эътибори учун миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон томони Италия билан ўрнатилган стратегик шериклик муносабатларини юксак қадрлаши таъкидланди. Бугунги кунда сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик, маданий-гуманитар алоқалар тобора сермазмун тус олиб, икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Мактуб якунида Шавкат Мирзиёев Жоржа Мелонига мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат ва масъулиятли давлатчилик фаолиятида улкан муваффақиятлар, дўст Италия халқига эса тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва бардавом равнақ тилади.