Италия полицияси мамлакат шимолидаги музейдан жорий йил март ойида ўғирланган француз рассомлари Пер Огюст Ренуар, Пол Сезанн ва Анри Матисснинг асарларини топди.
Парма полицияси раҳбари Андреа Паляронинг 14 август куни маълум қилишича, ўғирланган санъат асарлари жиноят иши бўйича гумондорлардан бирининг уйидан аниқланган.
Тергов доирасида Молдованинг тўққиз нафар фуқароси гумон қилинмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, уларнинг беш нафари картиналарни ўғирлашда бевосита иштирок этган бўлиши мумкин.
Гап Ренуарнинг ижодининг сўнгги даврига мансуб «Балиқлар» асари, Сезанннинг қалам ва акварелда ишланган «Гилосли натюрморт» ҳамда Матисснинг «Террасадаги одалиска» акварел асари ҳақида бормоқда.
Уларнинг тахминий бозор қиймати мос равишда 3 миллион евро, 6 миллион евро ва 20 минг евро атрофида баҳоланмоқда. Шу тариқа, топилган учта асарнинг умумий қиймати 9 миллион евродан ошади.
Картиналар март ойи охирида Парма яқинида жойлашган санъатшунос ва коллекционер Луижи Маняни номидаги фонднинг хусусий коллекциясидан ўғирланган эди.
Маняни-Рокка фонди музейида Европа тасвирий санъатининг ноёб намуналари сақланади. Коллекциядан Тициан, Албрехт Дюрер, Питер Паул Рубенс ва Франсиско Гойя каби машҳур рассомларнинг асарлари ҳам ўрин олган. Музей Италиядаги энг муҳим хусусий бадиий коллекциялардан бири ҳисобланади.
Аввалроқ тарқалган маълумотларга кўра, юзларини капюшон билан яширган ўғрилар музейнинг кириш эшигини бузиб очган. Улар бино ичида бор-йўғи уч дақиқа бўлиб, учта қимматбаҳо асарни олиб қочган.
Ўғирликдан сўнг Маняни-Рокка фонди ҳодисани олдиндан пухта режалаштирилган жиноят деб атаган. Фонд маълумотига кўра, видеокузатув тизими ишлагани, полиция ва қўриқлаш хизмати тезкор ҳаракат қилгани сабаб жиноятчилар музейдаги бошқа қимматбаҳо асарларни олиб кетишга улгурмаган.











