Украинанинг собиқ мудофаа вазири Михаил Федоров Италия мудофаа вазири Гвидо Крозеттонинг маслаҳатчиси бўлганини маълум қилди.
Федоров бу ҳақда 28 август куни Крозетто билан учрашувидан сўнг Telegram каналида ёзди.
«Гвидога шахсий қўллаб-қувватлови ва унинг мудофаа инновациялари бўйича маслаҳатчиси бўлиш таклифи учун миннатдорлик билдирдим. Ишонч ва стратегик ҳамкорлик учун ташаккур», — деди Федоров.
Унинг сўзларига кўра, янги вазифада Италияга замонавий уруш технологияларини ривожлантириш, мудофаа соҳасини такомиллаштириш ҳамда дунёдаги янги хавфсизлик таҳдидларига мослашишда ёрдам беради.
Федоров Украина ва унинг жамоаси технологик уруш бўйича ноёб тажриба тўплаганини ва бу тажрибани ҳамкор давлатлар билан бўлишишга тайёр эканини таъкидлади.
Украинада ҳам мудофаа лойиҳалари устида ишлайди
Шу билан бирга, Федоров Украинада мамлакат мудофаасини мустаҳкамлаш ва халқаро ресурсларни жалб қилишга қаратилган лойиҳалар устида ишлашни давом эттиришини билдирди.
«Мудофаанинг келажаги янги ечимларни тез синовдан ўтказиш ва кенг миқёсда жорий этиш, технологияларни кучли ишлаб чиқариш билан бирлаштира оладиган мамлакатлар қўлида. Украина тажрибаси Европа учун янги мудофаа моделига асос бўлиши мумкин», — деди у.
Крозетто лавозимни июлда таклиф қилган
Италия мудофаа вазири Гвидо Крозетто Федоровга маслаҳатчи лавозимини у Украина мудофаа вазири лавозимидан кетганидан кейин таклиф қилган эди.
La Repubblica газетасининг 25 июлда ёзишича, Крозетто Федоров лавозимидан озод этилганининг эртаси куни унга қўнғироқ қилган.
«Мен унга: “Қачон Римга келиб, менинг маслаҳатчим бўлиб ишлашни хоҳлайсан?” дедим», — дея вазиятни тасвирлаган Крозетто.
Унинг айтишича, Федоров бу таклифдан таъсирланган ва уни «ҳурмат ва дўстлик ифодаси» сифатида қабул қилган.
Федоров 16 июлда лавозимидан кетган
Михаил Федоров 16 июл куни Украина мудофаа вазири лавозимидан озод этилган. Бу қарор Украина жамиятининг бир қисми, жумладан ҳарбийлар орасида танқидларга сабаб бўлган.
Киев ва бошқа шаҳарларда намойишлар ўтказилиб, уларнинг айрим иштирокчилари Федоровни мудофаа вазири лавозимига қайтаришни талаб қилган.





