Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва “Хисорак Бешёғоч” МЧЖ ўртасидаги иш 11 йиллик “тарих”га эга. Ҳокимликнинг 2011 йил 29 июндаги 373-сонли қарори билан Чилонзор тумани, Фурқат берк кўчасида жойлашган, “Хисорак Бешёғоч” МЧЖга тегишли 6699 м² бино-иншоотлар ва салкам 3 гектар ер майдони билан давлат эҳтиёжлари учун олинган.

Фуқаролик кодексининг 206-моддасига кўра, олиб қўйилаётган ер участкасидаги уй, бошқа иморатлар, иншоотларни зарар ўрни бозор қиймати бўйича тўлиқ қопланмагунича бузиб ташлашга йўл қўйилмайди. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги қарори билан тасдиқланиб, 2018 йилгача амалда бўлган давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 26-бандида юридик шахсга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уй, ишлаб чиқариш иморатлари, бошқа иморатлар, иншоотлар, дов-дарахтлар жойлашган ер участкаси олиб қўйилган ҳолда унга аввалгисига тенг қийматли мол-мулк берилиши ва ер участкаси давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарар тўлалигича қопланиши белгиланган.
Лекин мазкур ҳуқуқий асосларга қарамай, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан “Хисорак Бешёғоч” МЧЖга компенсация берилмаган ҳамда завод бино-иншоотлари бузилган.
Даъвогарнинг мурожаати асосида Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан 2018 йилда Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритилган. Биринчи инстанция судининг 2018 йил 4 декабрдаги қарори билан баҳолаш ҳисоботига асосан Тошкент шаҳар ҳокимлигидан даъвогар ҳисобига 4,7 млрд сўм компенсация ундириш белгиланган. Бироқ даъвогар судга мурожаат қилиб, “Global Tris” ШКнинг баҳолаш ҳисоботи экспертизадан ўтказилмагани ва унга ҳуқуқий баҳо берилмаганлиги сабабли ишни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни сўраган.
Иш юзасидан 2022 йилгача бир неча бор суд мажлислари ўтказилди. Суднинг 2022 йил 18 январдаги ажрими билан, олиб қўйилган кўчмас мулклар ва улар жойлашган ер майдонининг бозор қийматини аниқлаш бўйича “Smart Expert Group” МЧЖга баҳолаш экспертизаси тайинланган. Ушбу МЧЖ томонидан баҳолаш объекти 93 млрд 282 млн сўмга баҳоланган.




























