Қозоғистон президенти Россия бозорини тарк этган компанияларни мамлакатга жалб қилиш топшириғини берди
Тўқаев Россияни тарк этган компанияларни мамлакатга жалб қилиш учун шароит яратиш бўйича кўрсатма берди.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳукуматга Россия бозорини тарк этган хорижий компанияларнинг мамлакатга жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича топшириқ берди, деб ёзмоқда Tengrinews.kz.
Қозоғистон етакчисининг таъкидлашича, ҳозирги кунда инвестиция капитали учун глобал кураш кетаётганига гувоҳ бўлиш мумкин.
«Деярли 1400 га яқин йирик хорижий компаниялардан ҳар иккинчиси ўз фаолиятини тўхтатди ёки Россия бозорини бутунлай тарк этди. Ҳукумат уларнинг Қозоғистонга кириб келиши учун қулай шарт-шароит яратиши керак. Бу бизга ўрта ва юқори қийматдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун яхши имкониятлар беради», — деди Қозоғистон президенти ҳукумат кенгайтирилган йиғилиши давомида.
Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳукуматга ишлаб чиқариш саноатида инвестиция лойиҳалари рўйхатини тайёрлаш ва уни потенциал инвесторлар билан биргаликда ишлаб чиқиш бўйича топшириғини эслатди.
«Бу иш ҳали ҳам мажлислар ва учрашувлар тарзида олиб борилмоқда. Аниқ натижаларга келсак, ҳали мақтанадиган нарса кам. Моҳиятан янги лойиҳалар йўқ. Яна бир бор таъкидлайманки, лойиҳалар биринчи навбатда ҳудудларда, жойларда амалга оширилмоқда. Демак, уларни жалб қилиш ва якуний натижага эришиш бўйича ҳокимлар талаби вазирликлар билан бир хил бўлади», — деди Қозоғистон етакчиси.