DW хабарига кўра, 2 октябр куни эълон қилинган ҳисоботлардаги ўзгаришларга «Вёрстка» нашри эътибор қаратган. Маълумотлари яширилган қаторлар ҳужжатларда кулранг билан ажратилган.
Чекловлар давлат хавфсизлигига оид ишлар, сиёсий таъқибларда қўлланадиган моддалар ҳамда ҳарбийлар ва куч тузилмалари ходимлари жиноятларига доир маълумотларни қамраб олган.
Бедарак йўқолганларга оид аризалар сони ҳам очиқланмаган
Йиғма статистикада фуқароларни вафот этган ёки бедарак йўқолган деб топиш ҳақидаги судга берилган аризалар сони яширилган.
«Вёрстка» маълумотига кўра, 2024 йилда Суд департаменти бундай аризалар сони рекорд даражага — 17,5 мингтага етганини билдирган эди.
2025 йил охирида эса Россия судлари шундай ишларни кўриб чиқишга оид маълумотларни ўз сайтларидан ўчира бошлаган.
Давлатга хиёнат ва жосуслик ишлари бўйича рақамлар ёпилган
Нашрнинг ёзишича, Россия Жиноят кодексининг сиёсий таъқибларда қўлланадиган 28 та моддаси бўйича маълумотлар ҳам махфийлаштирилган.
Улар қаторида давлатга хиёнат, хорижий давлатлар билан ҳамкорлик, жосуслик, давлат сирини ошкор қилиш, диверсия, экстремистик ҳамжамият ташкил этиш ва армияни «обрўсизлантириш»га оид ишлар бор.
Шунингдек, «чет эл агенти» мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаш билан боғлиқ статистика ҳам очиқланмаган.
Маъмурий ишлар орасида армияни «обрўсизлантириш», адоват қўзғатиш, сепаратизмга чақириш ва «чет эл агенти» фаолияти тартибини бузиш бўйича маълумотлар ёпилган.
Куч тузилмалари ходимлари ҳақидаги маълумотлар ҳам яширилган
Суд департаменти ҳарбий хизматчилардан ташқари судьялар, прокурорлар, терговчилар, полициячилар ва Жазони ижро этиш федерал хизмати ходимлари содир этган жиноятлар бўйича статистикани ҳам очиқламаган.
Идора 2026 йил апрелида «Важные истории» нашрига берган изоҳида суд статистикасига кириш чекланишини «маълумотларни эълон қилиш регламенти ўзгаргани» билан тушунтирган.








