Жамият | 09:42 / 16.07.2022
9311
2 дақиқада ўқилади

Россия давлат думаси фавқулодда йиғилишда Мантуровни бош вазир ўринбосари лавозимига тасдиқлади

Россия давлат думаси навбатдан ташқари йиғилишда Денис Мантуровни бош вазир ўринбосари – саноат ва савдо вазири лавозимига тасдиқлади. Бундан ташқари, бир қатор қонун лойиҳалари бўйича ҳам овозлар қабул қилинди.

Фото: Reuters

Россия давлат думаси Денис Мантуровни бош вазир ўринбосари – саноат ва савдо вазири лавозимига тасдиқлади. Унинг номзоди учун Россия парламенти қуйи палатасининг 15 июль, жума куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилишида 394 депутат овоз берди, бир нафари бетараф қолди.

Бош вазир ўринбосарининг янги лавозими бундан уч кун аввал, 12 июль куни Россия президенти Владимир Путиннинг фармони билан киритилди, унга кўра, саноат ва савдо вазири ўз лавозимини бош вазир ўринбосари лавозими билан бирлаштиради. Шу куни бош вазир Михаил Мишустин Мантуров номзодини давлат думасига кўриб чиқиш учун тақдим этди.

14 июль куни Мишустин ҳукумат тузилмасида ушбу лавозим киритилишини Москвага қарши мисли кўрилмаган санкциялар, шу жумладан ишлаб чиқариш ҳажмини сақлаб қолиш ва импорт ўрнини босиш бўйича тезкор қарорлар қабул қилиш зарурати билан изоҳлади.

Денис Мантуров 2007 йилдан бери Россия Федерацияси ҳукуматида ишлаб келмоқда, 2012 йилдан бери саноат ва савдо вазири ҳисобланади.

Давлат думаси навбатдан ташқари йиғилишда бир қатор қонун лойиҳаларига ҳам овоз берди. Хусусан, биринчи ўқишда Украинада «махсус ҳарбий операция давомида Россия ҳудудига қуролли босқинни қайтарган» ФХХ ходимларини жанговар ҳаракатлар фахрийлари деб тан олиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси қабул қилинди. Ҳужжатда, шунингдек, Украинага туташ «давлат чегараси ва чегара ҳудудларида қуролли провокацияларни қайтарган» ФХХ зобитларини ҳарбий ҳаракатлар иштирокчиси сифатида тан олиш таклиф қилинган.

Давлат думасининг режадан ташқари йиғилиши тўғрисидаги қарор Россия парламенти қуйи палатаси кенгаши томонидан давлат думаси баҳорги сессияни расман якунлаганидан бир ҳафта ўтмасдан қабул қилинди. Бундай тезкорлик «ечим талаб қиладиган масалалар йиғилиб қолгани» билан изоҳланди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид