МИ-6 раҳбари Ричард Мур Американинг Колорадо штатидаги Аспен шаҳрида ўтказилган Хавфсизлик бўйича форум чоғида Россия ўзининг дастлабки мақсадлари - Украина президентини четлатиш, Киевни эгаллаш ва Ғарб мамлакатлари бирлиги парчаланишига эриша олмаганини эпик муваффақиятсизлик деб атади.

«Бизнинг баҳоларимизга кўра, яқин ҳафталарда россияликларда фронтга юбориш учун жонли куч, қуроллар ва ҳарбий техникалар топиш янада жиддий муаммога айланади. Ўйлайманки, улар тез орада ҳолдан тояди. Улар қандайдир танаффус қилишига тўғри келади ва бу украинларга жавоб зарбаси бериш имкониятини тақдим этади», — дея Мурнинг сўзларини келтирган BBC News.

У Россия босқинини Европада Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг даҳшатли тажовузкорлик акти деб атаган.

Июл ойи бошида Лисичанск эгаллангач, РФ армияси оператив пауза эълон қилганди, аммо бир неча кун муқаддам Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу қўшинларга ҳаракатларни фаоллаштиришга буйруқ берди. Сўнгги уч ҳафтада россиялик ҳарбийлар бирор муваффақиятга эриша олмади, хусусан уларнинг асосий кучлари тўпланган Донецк ва Луҳанск областларида ҳам.

Украина ва унинг иттифоқчилари РФ армияси бўшашганини Ғарб томонидан етказиб берилган узоқ масофага отувчи артиллерия, хусусан АҚШнинг HIMARS баравар ўт очиш тизимлари қўлланаётгани билан боғлаган, Украина қуролли кучлари бу тизимлар орқали россияликларнинг фронт ортидаги ўқ-дори омборлари ва бошқарув пунктларига муваффақиятли зарбалар бермоқда. Шу тариқа, Россия армиясининг ўт очиш кучи бўйича устунлиги йўққа чиқарилмоқда.

Аспендаги форум чоғида Мур Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бёрнс томонидан келтирилган Россия армиясининг 15 минг ҳарбийси Украина тупроғида ҳалок бўлгани тўғрисидаги маълумотни тасдиқлаган.

Фото: DANIEL BAYER/Getty

Аммо Мур бу маълумотни «катта эҳтимол билан, консерватив ҳисоблар» деб атаган.

«Бу тахминан улар 1980-йилларда Афғонистондаги урушда йўқотган одамлар сонига тенг. Ва булар Санкт-Петербург ёки Москвадаги ўрта синф вакиллари бўлган йигитлар эмас. Бу бечоралар Сибирдаги ишчилар шаҳарчаларидан келган йигитлар. Улар орасида миллий озчиликлар вакиллари сони жуда кўп. Булар тўпга ем қилинган аскарлар», деган Британия ташқи разведкаси раҳбари.

Бёрнснинг баҳоларига кўра, Украинадаги урушда Россия армиясининг яна 45 минг аскари ярадор бўлиб сафдан чиққан.