Ўзбекистон | 17:37 / 23.07.2022
12122
2 дақиқада ўқилади

Энергетика вазирлиги электр таъминотидаги вақтинчалик чоралар кенг кўламли муаммоларнинг олдини олишини маълум қилди

Энергетика вазирлиги истеъмолчилар эътиборини жорий ҳафтада ҳарорат меъёрдан ошиб кетиши туфайли электр узатиш тармоқлари ҳаддан ташқари қизиб кетиши қайд этилаётгани, бу тармоқда жиддий носозликларга олиб келиши мумкинлигига қаратди.

Фото: Kun.uz

Вазирлик маълумотига кўра, асосан очиқ қуёшда жойлашган электр узатиш тармоқлари бугунги кунда улар ишлаши учун мўлжалланмаган ҳароратгача қизийди. Жуда юқори ҳарорат кўрсаткичларига қўшимча равишда, айниқса кундузи, электр узатиш тармоқлари носозлик ҳолатига электр энергияси истеъмоли фавқулодда ўсиши таъсир қилади.

“Бундай ҳолатда, ҳар қандай вақтда электр узатиш тармоқларининг ҳаддан ташқари қизиши ва истеъмолнинг ўсиши тизимда катта ҳажмдаги бахтсиз ҳодисаларга олиб келиши мумкин бўлиб, бу эса электр таъминотини нормаллаштириш учун сезиларли вақтни (бир кун ёки ундан кўпроқ) олиши мумкин”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, энергетика тизимида кенг кўламли муаммолар юзага келишининг олдини олиш учун диспетчерлик хизматлари электр узатиш тармоқларидаги юкламани камайтириш учун зарур чоралар кўради. Маълум кўрсаткичлар критик даражага яқин бўлган ҳолда, айрим турар жой бинолари ва саноат объектларини электр таъминотидан вақтинча узиб туриш керак бўлиши айтилган.

Билдирилишича, кўрсаткичлар нормаллаштирилганда, диспетчерлик хизмати ушбу объектларни дарҳол электр таъминотига улайди. Ғайритабиий юқори ҳароратнинг яхшиланиши барқарор электр таъминотини нормаллаштиришга ёрдам бериши таъкидланган.

“Шу муносабат билан, истеъмолчилар тармоқдаги кенг кўламли носозликлар олдини оладиган, вазиятни анча узоқроқ тузатишни талаб қиладиган бундай чоралар зарурлигини тушунишлари муҳим ҳисобланади”, дейилади вазирликнинг электр энергияси таъминотидаги узилишлар бўйича берган изоҳида.

Мавзуга оид