08:51 / 24.07.2022
19592

ССВ хорижий ва нодавлат ОТМлардан ўқишни кўчиришда неча балл талаб этилишини маълум қилди

Фото: Kun.uz

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларидан Ўзбекистонга ўқишни кўчириш учун 129 балл тўплаш талаб этилишини маълум қилди.

Маълум қилинишича, 2022/2023-ўқув йили учун хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларидан талабалар ўқишини кўчириш бўйича аризалар my.dtm.uz тизими орқали қабул қилинади. Хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган (жумладан, халқаро тан олинган рейтингларда биринчи 1000 та ўриндан бирини эгаллаган) олий таълим ташкилотларидан давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош таълим йўналишларига кўчиришда таълим йўналишлари бўйича Давлат тест маркази томонидан тест синовлари ўтказилади.

Тест синовлари бўйича ўтиш баллари ҳар йили 15 июлга қадар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан белгиланади, шунингдек, Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Жумладан, тиббиёт йўналишида бу йил хорижий ёки нодавлат ОТМдан ўқишни кўчириш учун талаба 129 балл тўплаши талаб этилади. Ўтиш баллидан паст натижа тўплаган талабалар бакалавриатга қабул қилишдаги тартибга мувофиқ, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида талабалар сафига қўшилади.

Хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган ОТМдан давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига кўчиришга рухсат этилмайди.

Top