Амалдаги тартибга кўра, талабалар ўқишини бир олий таълим ташкилотидан бошқасига, аввало, мос ва турдош таълим йўналишларига кўчиришга рухсат берилади.
Агар муайян ҳудудда мос ёки турдош таълим йўналиши мавжуд бўлмаса, белгиланган ҳолатларда турдош бўлмаган таълим йўналишига ҳам ўқишни кўчириш мумкин.
Хусусан, бунга қуйидаги ҳолатларда рухсат берилади:
— талаба турмуш қургани муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим ташкилотига ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда;
— давлат органи ходимининг иш жойи тегишли вазирлик ёки идора томонидан бошқа ҳудудга ўзгартирилганда, унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди тегишли вазирлик ёки идора раҳбарининг тавсияси асосида ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда.
Шунингдек, олий таълим ташкилотлари, тизимида ОТМ мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда Ўзбекистон таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарорлари асосида талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш мумкин.
Мазкур тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 сентябрдаги 578-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим ташкилотлари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган.









