09:41 / 27.07.2022
6208

«Роскосмос» раҳбари РФ ХКС лойиҳасидан чиқишини эълон қилди

2024 йилдан кейин Россия ХКСни ривожлантириш дастурида иштирок этишни тўхтатади, дея маълум қилди «Роскосмос» янги бош директори Юрий Борисов. Корпорация миллий орбитал станция лойиҳасига эътибор қаратади.

Фото: Picture Alliance

2024 йилдан кейин Россия Халқаро космик станцияни (ХКС) ривожлантириш дастурида иштирок этишни тўхтатади. Бу ҳақда 26 июль, сешанба куни Москвада «Роскосмос» Россия давлат космик фаолият корпорацияси янги бош директори Юрий Борисов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Россия орбитал хизмат кўрсатиш станциясини (РОСС) яратиш «Роскосмос»нинг коинотни тадқиқ қилишдаги фаолияти асосий устувор йўналишига айланади. «Биз тасдиқланган режаларга мувофиқ бошқариладиган дастурни давом эттирамиз. Асосий устуворликлар Россия орбитал станциясини яратишга қаратилади», - деди Борисов РФ президенти Владимир Путин билан учрашувда. 

«Роскосмос» раҳбарининг таъкидлашича, космик саноат қийин аҳволда қолган. «Мен ҳамкасбларим билан биргаликда асосий вазифамни даражани пасайтириш эмас, балки юқори даражага кўтариш, биринчи навбатда, Россия иқтисодиётини зарур космик хизматлар билан таъминлашдан иборат деб биламан. Бу навигация, алоқа, маълумотлар узатиш, метеорология, геодезия маълумотлари ва ҳоказо», — дея тушунтирди Юрий Борисов. 

Июнь ойида ўша пайтда «Роскосмос»ни бошқарган Дмитрий Рогозин ХКС ишини 2024 йилдан кейин узайтириш бўйича музокараларни қайта бошлаш Американинг Россия космик саноатига нисбатан санкциялари бекор қилинган тақдирдагина мумкин бўлишини айтган эди. Май ойи ўрталарида Рогозин «Роскосмос» ХКСдаги халқаро ҳамкорлар билан ҳамкорликни тўхтатмоқчи эмаслигини таъкидлади. 

Бунгача «Роскосмос» АҚШнинг Аэронавтика ва космик тадқиқотлар миллий бошқармаси (NASA), Европа фазо агентлиги (ESA) ва Канада космик агентлигидан РФнинг Россия космик саноати корхоналарига қўйилган санкцияларни бекор қилиш таклифига жавоб хатлари келгани ҳақида хабар берган эди. Мактубларда таъкидланганидек, АҚШ ва Канада ХКС хавфсиз ишлашини давом эттиришни ўзининг устувор вазифалари деб билади. NASA раҳбари Билл Нельсон Американинг амалдаги санкциялари станция фаолиятига таъсир қилмаслигини таъкидлади. 

Бироқ, Россиянинг Украинага қарши бошлаган уруши туфайли кўплаб давлатлар Россияга қарши кенг кўламли жазо чораларини киритди. 1 март куни «Роскосмос» матбуот хизмати санкциялар шароитида ХКСнинг ишлаши бўйича келишувнинг узайтирилиши шубҳа уйғотаётганини маълум қилди. 

Top