Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Июлда евроҳудуддаги инфляция яна рекордни янгилади
Европада ойлик нархларнинг ўсиши 8,9 фоизга етди ва июнь ойидаги 8,6 фоиз рекордидан ошиб кетди. Мутахассислар айтишича, инфляциянинг асосий омили Украинадаги уруш туфайли энергия ташувчилар нархининг ошиши ҳисобланади.
Украинадаги уруш туфайли энергия ташувчилар нархининг кескин ўсиши евроҳудудда инфляциянинг янги рекордлари ўрнатилишига олиб келди. Хусусан, июль ойида истеъмол нархлари ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 8,9 фоизга ошди. Бу Европа статистика бошқармаси Eurostat томонидан 29 июль, жума куни эълон қилинган жами нархлар ўсишини баҳолаш бўйича дастлабки маълумотлардир.
Шу билан бирга, иқтисодчилар бу кўрсаткич июнь ойига нисбатан ўзгармаслигини ва йиллик ҳисобда 8,6 фоизни ташкил этишини кутганди. Май ойида умумевропа инфляцияси 8,1 фоизни, апрелда эса 7,4 фоизни ташкил этди. Бу шуни англатадики, жорий инфляция даражаси ҳали ҳам Европа Марказий банки (ЕМБ)нинг 2 фоизлик кўрсаткичидан анча юқори.
Мутахассислар ва ЕМБ раҳбари Кристин Лагард инфляциянинг кескин ўсиши туфайли фоиз ставкаларини ошириш ташаббуси билан чиқди. Бир ҳафта олдин, пайшанба куни, ЕМБ ўн бир йил ичида биринчи марта асосий фоиз ставкасини 50 базавий пунктга оширишини эълон қилди. Бу дастлаб эълон қилинганидан икки баробар кўпдир. Бошқа марказий банклар билан таққослаганда, ЕМБнинг реакцияси кечикди. Баъзи кузатувчилар фикрича, ушбу рақам янада ўсиши мумкин. ЕМБнинг фоиз ставкалари бўйича навбатдаги йиғилиши 8 сентябрь куни Франкфурт-Майнда бўлиб ўтади.
Eurostat маълумотларига кўра, энергия ташувчилар нархи июнь ойида 42 фоизга ошганидан сўнг, июль ойида йиллик ҳисобда 39,7 фоизга кўтарилган. Қайта ишланмаган озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 11 фоизга, хизматлар нархи эса 3,7 фоизга юқорилади.
Евроҳудуддаги энг юқори инфляция даражаси яна учта Болтиқбўйи давлатида қайд этилди ва 20 фоиздан ортиқни ташкил этди. Германияда Европа стандартлари бўйича ҳисобланган инфляция даражаси 8,5 фоизга тенг бўлди.
Мавзуга оид
17:44 / 17.06.2026
Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди
16:37 / 16.06.2026
Тимур Ишметов: 2027 йилда 5 фоизлик инфляция мақсадига эришиш йўлида жиддий хатарлар кўрмаяпмиз
08:20 / 12.06.2026
Дунёда инфляция қаерда энг юқори ва энг паст?
21:44 / 05.06.2026