
2022 йилнинг 10 август куни Туронбанк фаолиятини тўлиқ трансформация қилиш юзасидан Халқаро молия корпорацияси (IFC) билан навбатдаги келишув шартномаси имзоланди.
Замонавий банк хизматларига бўлган талаб кундан кунга ошиб бораётган пайтда Ўзбекистон молия бозорида ўзининг муносиб рейтингига эга Туронбанк томонидан мижозлар учун қулай ва инновацион хизматларни таклиф этиш мақсадида замонавий трансформация жараёнлари амалга ошириляпти. Банк фаолиятида энг сўнгги технологияларни қўллаган ҳолда иш юритувини жорий этиш, осон, тезкор ва сифатли банк маҳсулотларини ишлаб чиқиш муҳим саналади.
Шу мақсадда банк нуфузли халқаро молия ташкилотлари билан ҳам ижобий алоқаларни йўлга қўйган. 2021 йилдан бошлаб Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро молия корпорацияси (IFC) билан ўрнатилган ҳамкорлик муносабатлари бунга мисол бўла олади. Унинг натижасида дастлабки босқичда Туронбанк фаолияти чуқур таҳлил қилинди.

Ўзаро ҳамкорликнинг навбатдаги иккинчи босқичи эса 2022 йилдан бошланиб, унда IFC экспертлари томонидан банкнинг жорий операциялари, кредит жараёнлари, рискларни бошқариш, корпоратив бошқарув бўйича батафсил баҳолаш олиб борилди ҳамда молия муассасасининг бизнес жараёнлари диагностикадан тўлиқ ўтказилди. Натижада, хусусийлаштиришга тайёргарлик кўриш учун Халқаро молия корпорацияси (IFC) билан ҳамкорликда Туронбанкни 2022-2025 йиллар давомида тўлиқ трансформация қилиш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Навбатдаги келишувда эса Халқаро молия корпорацияси (IFC) билан банк фаолиятини тўлиқ трансформация қилиш бўйича шартнома имзоланди.

Тадбирда “Туронбанк” АТБ Бошқарув раиси Чори Мирзаев, IFC билан имзоланган мазкур ҳамкорлик келишуви давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 12 майдаги “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги Фармони ижроси юзасидан олиб борилаётган ишларнинг мантиқий давоми эканлигини қайд этди.
Халқаро молия корпорациясининг (IFC) яқин Шарқ, Марказий Осиё, Туркия, Aфғонистон ва Покистон бўйича молия институтлари гуруҳи менежери Мехмет Мумджуоглунинг таъкидлашича, “Туронбанк” АТБ билан тузилган стратегик ҳамкорлик ҳукуматнинг иқтисодиётдаги улушини камайтириш бўйича амалга оширилаётган саъй – ҳаракатларнинг муҳим босқичларидан биридир.














