Ўзбекистон металлургия комбинатида 12 август куни ушбу соҳани ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ушбу комбинат илгари мамлакатимизда қора металлургия соҳасидаги ягона корхона эди. Сўнгги беш йилдаги ислоҳотлар натижасида 200 та янги корхона ташкил этилди. Уларда 25 мингдан зиёд аҳоли меҳнат қилмоқда. Ўтган йилнинг ўзида соҳада 16 триллион сўмлик товарлар тайёрланган. Темир ва темир маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1,8 баробар ўсиб, 2 миллион тоннадан кўпайган.

Шу билан бирга, юртимизда бунёдкорлик ишлари, саноат лойиҳалари ҳали кўп. Бугунги кунда барча соҳаларда йилига 4 миллион тонна қора металл ишлатилмоқда. Хусусан, металлга кетадиган харажатлар улуши уй-жой қурилиши таннархида 15 фоизни, машинасозликда 40 фоизни ташкил қилмоқда.

2026 йилга бориб, мамлакатимиз иқтисодиёти эҳтиёжлари учун 6 миллион тоннага яқин металл керак бўлиши ҳисоб-китоб қилинган. Қолаверса, жаҳон иқтисодиётидаги мураккаб вазият, логистика занжиридаги узилишлар йирик металлургия корхоналари фаолиятига ҳам қийинчилик туғдирмоқда.

Давлат раҳбари бу шароитда фақат ўз металлургия саноатимизни жадал ривожлантириш орқали мақсадга эришиш мумкинлигини таъкидлади. Бу борадаги тўртта асосий вазифа кўрсатиб ўтилди.

Биринчиси - металл ишлаб чиқарувчи корхоналарни хомашё билан кафолатли таъминлаш. Иккинчиси - барча ҳудудларда металл ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил бўлишини қўллаб-қувватлаш. Учинчиси -  юқори қўшилган қиймат яратадиган саноат тармоқлари учун замонавий металл конструкциялар ишлаб чиқариш. Тўртинчиси - малакали кадрлар тайёрлаш, илм-фан ва инновацияни ривожлантириш.

Бош вазир маслаҳатчиси Б.Исломов мамлакатимизда 1 миллиард 200 миллион тонна темир рудаси захиралари борлигини қайд этди.

Янги конларда, шу жумладан, Қораўзакдаги “Тебинбулоқ” конида олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳисобот берди.