Миграция агентлиги хабарига кўра, фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш бўйича лицензияга эга ХБА ахборот ва маслаҳат хизматлари учун БҲМ бир бараваридан, яъни 300 минг сўмдан кўп пул олиши мумкин эмас.

Чет эллик иш берувчи ва ҳамкори билан шартномалар тузмасдан, фуқароларга хизмат кўрсатиш тақиқланади ҳамда ушбу шартномалар ХБА сайтида жойлаштирилиши лозим.

Ўтган давр мобайнида ХБА реестридан 114 та юридик шахс рўйхатдан ўтган бўлиб, ҳозирги кунда улардан 9 таси (шундан 2 таси лицензияси вақтинчалик тўхтатилган) фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга.

“Шу муносабат билан, хорижда ишга жойлаштириш ваколатига эга бўлмаган ташкилотлар ёки шахсларга ишонмасликка, турли кўринишдаги шартномаларни тузмасликка ва тўловларни амалга оширмасликка чақирамиз. Хорижда иш таклиф қилаётган ташкилотлар лицензияси борлигига ишонч ҳосил қилинг. Шартнома тузаётганда, унинг шартларини ўқиб, тўлиқ тушуниб имзо қўйинг. Агар ХБА билан низоли вазиятларга дуч келсангиз, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлига мурожаат қилишингиз мумкин. 71 239-41-21 (ички рақам 236) ва 71 200-06-00”, дейилади хабарда.