Охирги урушдан кейин томонлар уч томонлама шартнома имзолашганди. Қорабоғга рус ҳарбийлари кириши билан вазият тинчигандай бўлганди, аммо ҳудуд буткул тинчиб кетмаяпти. Юқори даражада музокаралар ўтказилган бўлса-да, азалий тортишув барибир бўй чиқариб турибди. Хўш, Қорабоғ нега тинчимаяпти? BBC минтақадаги ҳолатни яхши биладиган экспертларнинг бу борадаги фикрлари билан қизиқди.

Урушдан кейинги келишув томонларга Қорабоғдан Арманистонга муқобил йўл қуриш мажбуриятини юклаган. Фотода: 2020 йил ноябр. Лочин шаҳридаги арманистонлик аёл россияликлар зирҳли техникаси олдида
KAREN MINASYAN/GETTY IMAGES

Можаро қай ҳолатда?

Ҳозиргача Арманистон ва Озарбойжон ўртасида иккита йирик уруш бўлиб ўтган. 1990-йиллардаги биринчи урушда руслар ёрдами билан Арманистон ғолиб бўлганди. 2020 йил 27 сентябрда Иккинчи Қорабоғ уруши бошланди. 44 кун давом этган урушда обдон тайёрланган озарлар ғалаба қилиб, тарихан ўзига тегишли бўлган Қорабоғнинг анча қисмини қайтариб олишди.

Ҳар икки томондан ҳам минглаб аскарлар ўлавергач, 2020 йил 10 ноябрга бориб Россия воситачилигида сулҳ имзоланади. Унга кўра арманлар Қорабоғ атрофидаги баъзи ҳудудларни озарларга топширди. Қорабоғ ҳудудига эса Россия аскарлари кирди. Улар икки мамлакат аскарлари кесишадиган фронт чизиқларида патруллик қилиш вазифасини зиммасига олди.

Ўша урушда Озарбойжон томони қатор туманлар ва шаҳарларни қайтариб олди. Айниқса Қорабоғнинг тарихий пойтахти Шушанинг қайтарилиши стратегик ғалаба бўлганди.

Лочин коридори қаерга олиб боради?

Ҳозирда Қорабоғ ва Арманистонни Лочин коридори номини олган йўл боғлаб турибди. Бу йўл Озарбойжоннинг Қорабоғдан ташқаридаги Лочин вилоятидан ўтади. Бу ҳудудни арманлар биринчи уруш вақтида эгаллаб олган. Ҳозир йўлни рус қўшинлари назорат қилади.

Имзоланган сулҳга кўра, уч йил ичида Арманистон Лочинни ундаги йўл билан бирга Озарбойжонга қайтариши керак. Қорабоғлик арманлар эса Арманистонга бошқа йўл орқали бориши белгиланади. Бу йўл ҳали қурилгани йўқ. Боку арманларни бу келишувни бажармасликда айблайди. Чунки йўлнинг Озарбойжон қуриши керак бўлган қисми аллақачон қуриб битказилган.