Xiaomi’нинг одамсимон роботи

Фото: Xiaomi

Xiaomi компанияси гапириш, ҳис-туйғуларни сезиш ва дунёни 3D кўринишда кўришга қодир бўлган инсонга ўхшаш илк робот - CyberOne тақдимотини ўтказди.

Роботнинг бўйи 177 сантиметр, вазни 52 килограмм, максимал тезлиги эса соатига тахминан 3,6 километрни ташкил қилади. У одамларнинг 45 турдаги эмоцияларини ажрата олади, танаси 13 та бўғиндан иборат бўлиб, 21 та ҳаракатни амалга ошириши мумкин.

Қурилманинг нархи 89,1 минг доллардан 104 минг долларгача баҳоланган.

Meta’нинг Blenderbot 3 чатботи

Мета компаниясининг AI тадқиқот лабораторияси янги замонавий чатботни яратди.

Қайд этилишича, Blenderbot 3 дея номланган чатбот интернетдан маълумотларни топиб, таҳлил қилган ҳолда исталган мавзу бўйича суҳбатни давом эттира олади. Шунингдек, фойдаланувчилар маълумот қаердан олинганини жавобларининг устига босиш орқали текшириб кўришлари мумкин.

Илк фикрларга кўра, бот ҳақиқатан ҳам ёзишмалар мавзусини аниқ белгилаш ва суҳбатни ўзи бошлаш имкониятига эга.

Google жаримага тортилди

Австралия федерал суди Google’ни 42,8 миллион доллар жарима тўлашга мажбур қилди. Бунга сабаб сифатида компания Android операцион тизими билан ишлайдиган телефонлардан олинган шахсий жойлашув маълумотларини тўплаш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича ёлғон ва чалғитувчи маълумотларни тақдим этгани келтириб ўтилган. Қайд этилишича, тахминан 1,3 миллион австралиялик фойдаланувчилар зарар кўришган.