16 август тонгида Қрим шимолида портлашлар рўй берди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода кучли портлаш ва кулранг тутун устуни юзага келганини, шунингдек атрофга олов сочилиши билан кечган кичикроқ кучдаги портлашларни кўриш мумкин. Маҳаллий аҳоли вакиллари хабар беришича, кучли портлаш овозлари узоқ масофалардан ҳам эшитилган.

Портлашлар Жанкой тумани марказидан 20 километр узоқликдаги Майское қишлоғи ҳудудида рўй берган. Россия мудофаа вазирлиги ҳодисани ўқ-дори омборидаги ёнғин ва ундан кейинги детонация билан изоҳлаган. Идора маълумотига кўра, бу ҳарбий қисмдаги ўқ-дориларни вақтинча сақлаш учун ажратилган майдонда содир бўлган.

Вазирлик Майскоедаги портлашлардан жиддий жабрланганлар йўқлиги, ёнғинни ўчириш ва унинг сабабларини аниқлаш чоралари кўрилаётганини қўшимча қилган.

Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк босиб олинган Қрим - бу туризм ҳақида эмас, «омборлар портлаши ва босқинчи ҳамда ўғрилар учун ўлим хавфи ортиши» ҳақида бўлишини ёзган.

Қрим раҳбари Сергей Аксеновнинг сўзларига кўра, ҳодиса оқибатида икки киши яраланган - уларнинг бирида осколкадан жароҳат қайд этилган, бошқа бирининг устига «девор қулаган». Уларнинг ҳаёти жиддий хавф остида эмаслиги айтилган.

Аксеновнинг маълум қилишича, ҳодиса рўй берган ҳудуд атрофида беш километр радиус бўйлаб икки мингга яқин киши эвакуация қилинган.

Ҳодиса оқибатида Майское орқали ўтган темирйўл шикастланган. Бу йўл бўйлаб Жанкой ва Симферополга Россиянинг материк қисмидан поездлар келади. Шу туфайли яриморол раҳбарияти Феодосия яқинидаги Владиславовка станциясида барча таркиблар ҳаракатини тўхтатиш бўйича қарорга келган — бу ерда йўловчилар вагонлардан туширилади ва буёғига автобусларда кетади. Владиславовкадан Симферополгача масофа — тахминан 100 километрни ташкил этади.

«Қриминформ» нашри ёзишича, Қримда икки жойда портлашлар рўй берган: Жанкойдаги трансформатор нимстанциясида ёнғин ва Майское посёлкасидаги ўқ-дори омборидаги детонация. УНИАН нашри ёзишича, гувоҳлар Жанкой районидаги электр нимстанциясида ҳам портлашлар бўлганини тасдиқлашган.

Агентлик хабарига кўра, кейинроқ фавқулодда хизматлар ҳам бу маълумотни тасдиқлаган.