«Манчестер Юнайтед»нинг нархи қанча?

Йирик спорт харидлари билан таниш бўлган манбаларнинг таъкидлашича, клубни сотиб олиш учун тахминан 6 миллиард фунт стерлинг (7,2 миллиард доллар) керак бўлади.

Май ойида «Челси» клуби Тодд Боэли ва Clearlake Capital томонидан 2,5 миллиард фунт стерлингга (3,2 миллиард доллар) сотиб олинган эди. Роман Абрамович билан келишувга кўра, америкаликлар 10 йил давомида клубга 1,75 миллиард фунт стерлинг (2,1 миллиард доллар) инвестиция киритиш мажбуриятини ҳам олишди. Аммо битим Абрамович санкциялар остига тушганидан сўнг, босим остида, жуда тез амалга оширилди.

«Манчестер Юнайтед» сезиларли даражада каттароқ стадионга эга экани ва жаҳон спортида тижорий жиҳатдан энг муваффақиятли клублардан бири бўлгани сабабли, Глейзерлар оиласи анча юқори нархни талаб қилиши мумкин.

Глейзерлар оиласи вакиллари

Нима учун Глейзерлар машҳур эмас?

Душанба куни «Олд Траффорд»да, «Манчестер Юнайтед» - «Ливерпуль» ўйинидан олдин, мухлислар клуб хўжайинларига қарши навбатдаги норозилик намойишини ўтказишни режалаштирмоқда. 2021 йил май ойида ҳам шундай тадбир ўтказилган ва намойишчилар майдонга тушиб, кийим алмаштириш хонасига киришга уринган, хавфли муҳит яратгани учун рақиблар ўртасидаги ўйин қолдирилган эди.

Глейзерлар оиласи 2003 йилдан буён «Манчестер Юнайтед» акцияларига эгалик қилади, 2005 йил июнь ойида улар клубни тўлиқ назорат қила бошладилар. Қайд қилиш жоизки, Глейзерлар «қизил иблислар»ни сотиб олиш учун қарз олишган ва шундан бери молиявий аҳволи ноаниқ бўлиб турибди.

Клубнинг эгалари ва мухлислар ўртасидаги қарама-қаршилик узоқ тарихга эга. Фанатларга тушунарсиз трансфер сиёсати, мураббийларни тайинлаш билан боғлиқ можаролар, шунингдек, ички ва халқаро ареналарда натижаларнинг пасайиб кетгани ёқмайди. Улар ушбу муаммоларнинг асл сабабчиси Глейзерлар оиласи деб ҳисоблашади. Яқинда америкалик тадбиркорларнинг янги тузилаётган Суперлигага қўшилиш ҳақидаги қарори мухлислар томонидан танқид остига олинган эди. Энди эса «Манчестер Юнайтед» 1992 йилдан бери илк маротаба турнир жадвалининг энг қуйи поғонасига тушди. Бу эса зиддиятни янада кескинлаштирди.

«Манчестер Юнайтед» фанатлари Глейзерлар кетишини талаб қилмоқда