Бугунги кунда нефть ва газ нафақат саноатнинг энергетикаси таркиби, балки юқори қўшимча қийматга эга янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун қимматли хом ашё ҳисобланади. Ер ички қисмининг бойлигини ҳар томонлама кўриб чиқиш ва ундан фойдаланиш ўзининг меҳнат ва билимлари билан бу ютуқларни кўпайтирадиган олимлар ва амалиётчиларга боғлиқ. Соҳадаги мутахассислар малакасини ошириш эса бевосита шу соҳанинг ривожланишини таъминлайди. Шу муносабат билан 2022 йил 19 август куни “O’ZLITINEFTGAZ” АЖ қошида ташкил этилган “NEFTGAZ-MALAKA” ўқув-тадқиқот маркази ишга тушди.

“Бу ўқув марказини очишдан мақсадимиз – нефт-газ ва энергетика тизимидаги корхоналарнинг ўрта ва юқори поғонадаги муҳандисларининг билимларини, тажрибаларини ошириш. Малака оширишга асосан халқаро экспертларни, хорижлик мутахассисларни жалб қилганмиз. Мутахассисларимиз халқаро стандартлар асосида олган билимларини иш жараёнига татбиқ қилади ва биз буни мониторинг қилиб борамиз”, дейди “O’ZLITINEFTGAZ” базавий стандартлаштириш бўлими бошлиғи Ирода Усмонова.

“O’ZLITINEFTGAZ” базавий стандартлаштириш бўлими бошлиғи Ирода Усмонова

Марказнинг очилиш маросими доирасида Россиянинг “Rock Flow Dynamics” компанияси ташаббуси билан ўтказилаётган Технологиялар кунига бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Конференцияда иштирок этаётган Россиянинг “Хром инжиниринг” компанияси директорлар кенгаши раиси Андрей Похумов олиб борилаётган бу ҳамкорликдан мамнунлигини ҳамда мазкур маркази талабалар учун ҳақиқий ривожланиш маркази бўлишини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 июлдаги 309-сонли қарори имзоланиб, унга мувофиқ «O‘ZLITINEFTGAZ» АЖга таълим кластерига кирувчи саноат корхоналари ўрта ва юқори поғонадаги муҳандис-техник ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш юклатилган. 

Ушбу марказнинг мақсади нефть-газ саноатининг муҳандислик-технологик бўлинмалари фаолиятининг янги қоидаларини ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказиш билан бирга, нефть-газ операцияларининг халқаро стандартларига жавоб бера оладиган муҳандис-мутахассисларни қайта тайёрлашдир.