Жаҳон | 15:24 / 25.08.2022
33461
2 дақиқада ўқилади

"James Webb" телескопида олинган Юпитернинг “ақл бовар қилмас” тасвири эълон қилинди

“Биз илгари Юпитернинг бундай тасвирини кўрмаганмиз”, дея суратни баҳоламоқда лойиҳа иштирокчиси.

Фото: NASA/ESA/CSA/JUPITER ERS TEAM/JUDY SCHMIDT

James Webb коинот телескопи олган суратда Юпитерни ўраб олган бўронлар, ҳалқалар аниқ кўриниб турибди. Буни астрономлар “ақл бовар қилмайдиган”деб баҳолашди, деб ёзмоқда BBC.

Сайёра хусусиятларини ажратиб кўрсатиш учун инфрақизил тасвирлар сунъий рангга бўялган. Чунки инсон инфрақизил рангларни кўриш қобилиятига эга эмас.

“Биз илгари Юпитернинг бундай тасвирини кўрмаганмиз. У бутунлай ақл бовар қилмас”, – деган лойиҳа иштирокчилаирдан бири Калифорния университети астроном Имке де Патер.

Тасвир телескоп олган бир неча суратнинг композициясидан тайёрланган. Сайёранинг жанубий ва шимоий қутбларида Қуёш ёруғлиги акс этган.

Маълумот учун, James Webb коинот телескопи 2021 йил декабр ойида ишга туширилган ва Ердан 1,6 миллион км узоқликда жойлашган. Лойиҳа 10 миллиард долларлик бўлиб, у NASA, Европа ва Канада космик агентликлари ҳамкорлигида юритилади.

У 13 миллиард йил олдин Ер томон ҳаракатлана бошлаган ёруғликни аниқлай олади. Машҳур Hubble телескопининг вориси, деб аталадиган James Webb келгуси 20 йилда фазовий кашфиётларнинг асоси бўлиши кутилмоқда.

Мавзуга оид