Жаҳон | 09:28 / 15.04.2023
5393
2 дақиқада ўқилади

Европаликлар Юпитерга сайёралараро станция учирди

Космик зонд Қуёш тизимидаги энг катта сайёра атрофидаги йўлдошларни ўрганади — олимлар суюқ ҳолатда сув борлигини тахмин қилишмоқда. Станция Юпитерга 8 йил давомида парвоз қилади.

Фото: ESA

Европа космик агентлиги (ESA) бир кун кечикиб, 14 апрель, жума куни Jupiter Icy Moons Explorer (JUICE) автоматик сайёралараро станциясини олиб юрувчи Ariane V ракета ташувчисини учирди ва орбитага муваффақиятли олиб чиқди. Парвоз Франция Гвианасидаги Куру космодромидан амалга оширилди.

Ракета ташувчиси олти тонналик зондни 1,5 минг километр орбитага чиқаргандан сўнг, у Юпитерга мустақил парвозни бошлади, бу режага кўра, 8 йил давом этади.

JUICE миссияси доирасида Юпитернинг учта энг катта музли йўлдошлари - Европа, Ганимед ва Каллисто ўрганилмоқда. Хусусан, у муз остида ҳақиқатан ҳам суюқ ҳолатда сув бор ёки йўқлигини текширади. Юпитернинг йўлдошлари инсон яшаши учун синовдан ўтказилади.

Ганимед - қуёш тизимидаги энг катта табиий йўлдош (у Ойдан 2 баравар оғирроқ) - олимлар учун алоҳида қизиқиш уйғотади. Ганимед зонднинг сўнгги вазифаси бўлади, 2035 йил сентябрь ойида станция унинг орбитасида айлангандан сўнг музли юзаси билан тўқнашиши керак.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид