Ўзбекистон катта сиёсий тадбир арафасида. 15−16 сентябрь кунлари Самарқандда Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) навбатдаги саммити бўлиб ўтади.

Саммит доирасида ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида иқтисодий, молиявий, инвестициявий ва хавфсизлик борасида ҳамкорликни кучайтиришни кўзловчи битимлар имзоланиши кутилмоқда.

Саммит ва унда кўриладиган масалалар Россия ва Украина ўртасида давом этаётган уруш билан бир вақтга тўғри келиши дунё давлатлари эътиборида бўлиб турибди.

Kun.uz мухбири Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти ва унинг Самарқанд саммити, бунинг Ўзбекистон учун натижа ва оқибатлари борасида Ўзбекистоннинг ШҲТ ишлари бўйича миллий координатори Раҳматилла Нуримбетов, сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Суҳроб Бўронов билан интервью уюштирди.

— Самарқанд саммити ҳақидаги саволларга ўтишдан аввал унинг ўзи қандай ташкилот, минимум ва максимум мақсадлари, режалари қандай, деган саволга жавоб изласак.  Хўш, дастлаб “Шанҳай бешлиги” бўлиб очилган ташкилот мақсадлари, режалари қайси эволюциялардан ўтди-ю, бугун қаёққа қараб боряпти?

Раҳматилла Нуримбетов:

— Ўзбекистон ташқи ва ички сиёсати учун жуда муҳим тадбир арафасида турибмиз. Саммит илк бор Самарқандда, анча кенгайтирилган форматда ўтиши кутиляпти. Бу ўзбек дипломатияси учун катта масъулият.

Бевосита ШҲТ ҳақида гапирадиган бўлсам, бу типология бўйича янги турдаги ташкилот. Янги минтақавийликка бориб тақалади, десак хато бўлмайди. У XX аср охирида классик халқаро ташкилотлардан фарқли ўлароқ, бошқа бир макон, бошқа бир сиёсий, иқтисодий, маданий, жўғрофик маконда юзага келган.

Биз бу ташкилотнинг чуқур тарихий илдизларини ҳам кўришимиз мумкинки, аслида бу Хитой ва Совет иттифоқи ўртасида чегара масалалари, чегара ҳудудларида ўзаро ишонч чораларини, яъни ҳарбий қўшинларни камайтириш, хавфсизлик масалаларида бошланган мулоқотнинг давоми деса бўлади.

Собиқ иттифоқ парчаланаркан, бу жараён иштирокчилари ўзаро чегарадош давлатлар сифатида Хитой, Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистонга ўзгарди. Бу орқали уларда янги мулоқот механизми юзага келди. Буни биз “Ad hoc” — махсус масалалар учун дипломатия десак ҳам бўлади.