Россия Федерацияси президенти Владимир Путин «Федерал хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонунни имзолади. Унга кўра ФХХ органлари ҳақидаги материалларни идора раҳбарияти рухсатисиз эълон қилиш ва тарқатиш тақиқланади.

Гап ҳарбийлар, давлат хизматчилари, ФХХнинг амалдаги ва истеъфога чиққан ходимлари томонидан касбий сирни сақлаш ҳақида бормоқда. Қонунда касбий сир давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир бўлмаслиги мумкинлиги қайд этиб ўтилган, бироқ ўзгаришлар муаллифлари бундай ахборотни тарқатиш ФХХ хафсизлигига «таҳдид уйғотиши» ёки «уларнинг нуфузига зиён етказиши» мумкин деб ҳисоблашади.
Касбий сир мавжуд бўлган ахборот эълон қилинишидан аввал ФХХда «экспертлик баҳолаши»дан ўтиши керак. Бу жараёнсиз уни тарқатиш тақиқланади. Ахборотлар рўйхати ва баҳолаш ўтказиш тартиби хизмат раҳбарияти томонидан тасдиқланади.
AVG Legal’нинг бошқарувчи ҳамкори Алексей Гавришевнинг РБК’га маълум қилишича, ФХХ фаолияти ҳақидаги ахборотни тарқатганлик учун масъулиятни махфий маълумотларни ошкор қилишга тенглаштиришлари мумкин — ҳам махсус хизмати ходимлари учун, ҳам ОАВ учун.
«Юмшоқроқ қилиб айтганда, бу қўрқинчли кўринмоқда. Чунки шунчаки ахборот ва хизматнинг профессионал фаолияти тўғрисидаги ахборот ўртасида жуда юпқа фарқ бор», – дейди у.
Мухолифатдаги сиёсатчи, Давлат думасининг собиқ депутати ва ФХХнинг истеъфодаги зобити Геннадий Гудковнинг фикрича, ушбу тақиқ ёппа цензурага уринишдир. «Медуза»га берган интервьюсида у «ФХХ танқиддан ва ўзининг ҳар қандай нўноқ ишлари ва ҳийлалари тилга олинишидан ўлгудек қўрқиши, идорада профессионализмдан асар ҳам йўқлиги: сохталаштириш, провокациялардан иборат эканлиги»ни айтиб ўтган.
«Агар сени қонунни бузадиган бўлсанг, прокурорми, ОАВми – фарқи йўқ, сени назорат қилишга ҳар қандай уриниш ғазабингга сабаб бўлади, лекин бу аблаҳларнинг позицияси», – деган у.








