Соҳибқирон Амир Темур буйруғи билан яратилган 12 та боғ тархдан машҳур: Боғи Дилкушо, Боғи Жаҳоннамо, Боғи Майдон, Боғи Нав, Боғи Чинор, Боғи Шамол, Боғи Бўлду, Боғи Нақшижаҳон, Боғи Зоғон ва Боғи Баланд. Бу боғлардан аксариятининг номи ҳанузгача истеъмолда, фақат Боғи Баланднинг бир қисми шу вақтгача сақланиб қолган.

Тарихий манбаларда Боғибаланд анжирзорлари тарихи бир неча асрларга бориб тақалиши қайд қилинган. Жумладан, «Бобурнома»да бу ҳудудда  Амир Темурнинг суюкли набираси, Мироншоҳнинг қизи Оқабегимга атаб «Боғибаланд» боғи барпо этилгани ва унда тўкин анжирзорлар борлиги ёзилган.

Бир пайтлар Боғибаланд боғлари ҳозирги халқаро аэропорт ва автошоҳбекат ўрнини ҳам эгаллаган улкан боғ бўлган. Энди бу боғдан 40 гектар қолган холос. Бу ерда ўнлаб оилалар аждоддан авлодга анжир етиштириб келишмоқда.

Сўнгги йилларда Боғибаланд анжирзорларида анжир сайли ўтказиш урфга кирди. Бу ерда туризм маҳалласи ташкил этилди. Бу ерга маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар ҳам ташриф буюришмоқда. Чайлаларда анжирлар июль ойнинг ўрталаридан сентябрь ойининг ўрталаригача ғарқ пишади.

Фото: Самарқанд вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Боғда 200-300 йиллик анжирларни ҳам учратишингиз мумкин. Уларни ҳар йили қиш фаслида кўмиб, парвариш қилиб мева етиштирилади. Бу ҳақда узоқ йиллардан буён анжир парваришлаб келган 84 ёшли Абдуҳалим бобо Рашидовнинг ҳикоя қилишича, бу ерда жаннат меваси ҳисобланувчи анжирларнинг асосан сариқ нави етиштирилади. Қора анжирлар ҳам учраб туради, лекин унинг харидори кам.

 

Анжирлар етилиб узилгач, маҳаллий бозорга чиқарилади. Асалдек анжирларни хомлигича истеъмол қилиш ҳам мумкин, ундан мураббо ва шинни тайёрласа ҳам бўлади.