Жаҳон банки жорий йил май ойида Ўзбекистоннинг инклюзив ривожланишига оид ҳисоботини эълон қилди. Тадқиқотда 4 та ривожланиш йўналишлари Ўзбекистоннинг иқтисодий келажаги учун муҳим омиллар сифатида белгиланган. Жаҳон банки иқтисодчиси Виллиам Зейтс Kun.uz билан суҳбатда устувор йўналишлар ҳақида гапирди.

«Биринчиси, хусусий сектор асосий етакчи ролни бажариши кераклигидир. Муваффақиятли давлатларда юқори даромадга эришиш хусусий сектор сабабли амалга ошади. Чунки улар бандликни таъминлаш, яъни янги иш ўринларини яратишда катта улушга эга. Шунингдек, улар ойлик маош миқдори ошишида ҳам етакчи вазифани бажаради. Шу сабабли хусусий секторга ишлаб чиқариш омиллари, капитал ва ердан тенг фойдаланиш имкониятларини яратиб бериш керак.  

Иккинчиси – ҳукуматнинг вазифаси. Аввалроқ айтганимиздек, ишлаб чиқаришга камроқ эътибор қаратган ҳолда асосий эътиборни мустаҳкам ишончли тартибга солувчи қонунчиликка қаратиш керак. Шунингдек, ҳукумат, ҳокимият органларининг салоҳиятига ишонч ҳосил қилиш керак. Асосий талаблар ҳукумат кучли фискал сиёсати юритишига оид. Бу хусусан, солиқ қонунчилигини самарали амалга оширишни, олинган маблағларни тегишли ва самарали сарфлашни таъминлашни тақозо қилади. Буларнинг барини Ўзбекистон ҳукумати устувор вазифа сифатида белгилаган, энди буни давом эттириш керак», – дейди у.

Виллиам Зейтс учинчи йўналиш – инсон капитали ва инклюзивлик ҳақида гапираркан, унга шахсан ўзи қизиқиш билдирганини таъкидлайди.

«Бу борада ҳукумат ҳақиқатан бир неча йил давомида жиддий қадамлар ташлади, аммо шу билан бирга қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Ўзбекистонда ишлашнинг энг яхши жиҳатларидан бири – ҳукуматнинг бу йўналишда амалга оширган инвестицияларини кўришдир. Хусусан, бу инсон капиталига оид. Одамларни соғлиқни сақлаш ва таълим имкониятларидан фойдаланиш имконияти билан таъминлаш ва бу билан боғлиқ хатарлардан холи этиш жуда зарур. Баъзи йўналишларни биз ўз ҳисоботимизда кўрсатиб ўтганмиз. Булар бошланғич ва ўрта таълимдаги муаммолар. Яъни ўқитувчилар тегишли материалларга эгалиги ва таълим сифати – буларнинг барчаси шу йўналишда қилиниши керак бўлган ишлардир.

Ўзбекистон ҳукумати жуда катта эътиборини учламчи таълимга қаратган, бу – касбий таълим. Касбий таълим иқтисодий келажак ва халқ учун муҳим, лекин аҳолининг нисбатан кичик қисми учламчи таълимга жалб қилинганини инобатга олсак, бу Ўзбекистонга салбий таъсир қилганди.

Лекин сўнгги йилларда жалб қилинувчиларнинг сони ўсиб борди. Ёшлар фойдаланиши мумкин бўлган таълим йўналишлари жуда кўп. Шунингдек, мактабгача таълим, яъни ёш болалар учун ҳам таълим ривожланмоқда», – дейди у.